АсосийЖамият

Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишидан кўзланган якуний мақсадни айтди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов эканлигини айтганди.

'Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишидан кўзланган якуний мақсадни айтди'ning rasmi

Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнидаги ҳозирги ҳолат ҳақида қисқача маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, 2024 йилда мамлакат ушбу йўналишда катта қадам ташлади. Бу президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган қатъий иқтисодий ислоҳотлар натижасида амалга ошди. Хусусан, ўтган йили ЖСТ ишчи гуруҳи иккита муҳим йиғилиш ўтказди. Бу аъзоликнинг асосий ҳужжати — ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашга киришишга имкон берди.

Шунингдек, АҚШ, Хитой ва Япония каби 15 та мамлакат билан икки томонлама музокаралар якунланди. Натижада Ўзбекистон ҳисобида 23 та имзоланган битим бор.

Қисқа вақт ичида бизнесни ва рақобатни янада шаффоф қилиш учун 20 та муҳим қонун қабул қилинди. Унинг қайд этишича, тез орада ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун 2025 йилда ҳам Ўзбекистон шу суръатда давом этади. Бу мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ҳамда ўзбек бизнесининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб боришини таъминлаши лозим.

 “ЖСТга аъзолик ва давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг якуний мақсади, шубҳасиз, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, унга муносиб иш ўринларини яратиш ва иқтисодиёт бошқарувини самаралироқ тизимга ўтказишдир”, деди президент ёрдамчиси.

Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов эканлигини таъкидлаганди. 

    Бошқа янгиликлар