АҚШдаги микрочип ишлаб чиқарувчи гигант - Nvidia компаниясининг капитализация ҳажми бир кунда рекорд даражаада – 600 миллиард доллар йўқотишига дуч келди. Financial Times нашрининг ёзишича, компания акциялари 17,8% га тушиб кетгани натижасида капитализация 620 миллиард долларга камайган.
Бунга Хитойнинг сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги DeepSeek стартапининг муваффақияти сабаб бўлди. АҚШнинг бир неча миллиард доллар сарфлаб ишлаб чиқилган ва самарадорлиги нисбатан кам ChatGPT сунъий интеллект чат-ботига жиддий рақобатчи бўлган, атиги 6 миллион доллар сарфланган бўлсада бозордаги мавжуд барча СИ дастураларидан афзаллигини кўрсатган, бунинг устига бепул DeepSeek чат-боти жаҳон бозорларидаги технологик гигантларни синдира бошлади. Муҳим жиҳати шундаки, DeepSeek унчалик кучли чипларрни талаб қилмайди. Натижада бозорда гегемонлик қилаётган ва кундан кунга бойиб бораётган чип ишлаб чиқарувчи Nvidia акциялари кераксиз бўлиб қолиб, нархи арзонлашиб кета бошлади. Бу эса Nvidia бозор қимайтининг 1 кунда 600 миллиард долларга камайишига олиб келди.
Мазкур вазият, яъни DeepSeek чат-ботининг нисбатан кичик бюджет билан кучли СИ моделини ишлаб чиқаргани, жаҳондаги сармоядорларда Nvidia ва бошқа технологик гигантларнинг чип ишлаб чиқаришга сарфлаётган улкан маблағлари ҳақида саволлар туғдирган.
Bloomberg агентлигининг маълум қилишича, DeepSeek'нинг янги сунъий интеллект модели AppStore'даги чартларда юклаб олиниш кўрсаткичи бўйича юқори ўринни эгаллаган ва бу технологияга йирик сармоялар киритган Microsoft ҳамда Alphabet компанияларига қаратилган шубҳаларни янада кучайтирган. Union Bancaire Privee компаниясининг бошқарувчи директори Вейсерн Лингнинг таъкидлашича, DeepSeek камроқ сарф-ҳаражат билан ҳам кучли СИ моделларини ишлаб чиқиш мумкинлигини исботлади.
DeepSeek'нинг янги модели OpenAI ва Meta каби компанияларнинг сўнгги ишланмаларига рақобатчи сифатида баҳоланмоқда. Машҳур сармоядор Марк Андреессен бу ишланмани "ҳайратланарли ва таассуротли ютуқлардан бири" деб атади.
Bloomberg маълумотларига кўра, DeepSeek'нинг муваффақияти бошқа тармоқларга ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, маълумот марказлари томонидан электр энергиясига бўлган талабнинг камайиши хавотирлари туфайли энергетика компаниялари акциялари ҳам арзонлашиб кетган.
Nvidia'нинг аввалги рекорди, яъни катта капитализация йўқотиши 2024 йил сентябрида рўй берган эди. Ўшанда компания 279 миллиард доллар йўқотган эди. Бу ҳолат СИ бўйича шов-шувлар ортиқча эканлиги ва технологиялардан кутилган иқтисодий ўзгаришлар узоқ вақт давомида амалга ошмаслиги ҳақидаги таҳлилчиларнинг фикрлари билан боғланган эди.
Охирги маълумотларга кўра, Nasdaq 100 индекси фьючерслари 5% дан ортиқ тушган, S&P 500 контракти эса 3% пасайган. Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп ва Колумбия ўртасидаги баҳс, ҳамда "Ажойиб еттилик" компаниялари молиявий ҳисоботлари нашри кутилаётгани бозордаги кайфиятга салбий таъсир кўрсатган.
Бу ҳолат АҚШ ва Хитой ўртасида яна бир совуқ уруш – СИ уруши бошланаётганидан дарак беради. Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп 21 январ куни Stargate компанияси ташкил этилиши ва СИ ни ривожлантириш соҳасига 500 миллиард долларгача инвестиция киритишини маълум қилган эди.
Абдуллоҳ Саййид