Германиянинг собиқ президенти, 2004-2010 йилларда давлат раҳбари лавозимида ишлаган Хорст Кёлер 1 февраль куни 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Кёлер эрта тонгда Берлинда “қисқа, аммо оғир касалликдан сўнг, оиласи қуршовида” вафот этган.
“Ушбу оғир дамда сиздан марҳумнинг оиласининг шахсий ҳаётига эътибор ва ҳурмат кўрсатишингизни сўраймиз. Дафн маросими ҳақида кейинроқ эълон қилинади. Марҳумнинг оиласи номидан ҳамдардлигингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга миннатдорлик билдирамиз”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Хорст Кёлер 1976 йилдан 1981 йилгача Иқтисодиёт вазирлигида ишлаган. 1982 йилда Молия вазирлигига ўтиб, 1990-1993 йилларда вазирлик штат котиби лавозимида ишлаган. 1993 йилдан 1998 йилгача Кёлер Германия жамғарма кассалари ассоциациясини бошқарган, сўнгра Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) раҳбари лавозимида икки йил ишлаган. 2000 йилдан 2004 йилгача Халқаро валюта жамғармасининг бошқарувчи директори бўлган.
2004 йил 1 июлда Германия президенти этиб сайланган. 2009 йил май ойида у бу лавозимга қайта сайланган. Унинг ички сиёсат мақсадлари бандлик муаммоларини ҳал қилиш ва таълим тизимини такомиллаштиришдан иборат эди. Ташқи сиёсатда у қашшоқликка қарши кампанияларни қўллаб-қувватлади. Хорст Кёлер 2010 йил 31 майда истеъфога чиққан. У мамлакатда армиянинг роли ҳақидаги изоҳлари туфайли жанжал авж олганидан кейин шундай қарорга келган.