Конго Демократик Республикасидаги Вирунга миллий боғида сўнгги бир ой давомида 28 та бегемот куйдирги касаллигидан нобуд бўлди. Мутахассислар касаллик одамларга ҳам юқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда "Al Jazeera" хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил сентябрь ойи ўрталарида Африканинг энг қадимий миллий боғларидан бири ҳисобланган Вирунга миллий боғининг ғарбий қисмидаги Семулики дарёсида бегемотларнинг жасадлари топила бошлаган. Лаборатория текширувлари натижасида ҳайвонларнинг ўлимига Bacillus anthracis бактерияси келтириб чиқарадиган куйдирги касаллиги сабаб бўлгани тасдиқланган.
Вирунга миллий боғи маъмурияти касаллик зарарланган ёки нобуд бўлган ҳайвон билан алоқа қилиш, шунингдек, унинг гўштини истеъмол қилиш орқали одамларга юқиши мумкинлигини билдирган. Шу сабабли маҳаллий аҳолига топилган ҳайвонлар жасадига тегмаслик, уларнинг терисини шилиб олмаслик ва гўштини истеъмол қилмаслик тавсия этилган.
Айни пайтда мутахассислар зарарланган ҳудудда кузатув олиб бормоқда. Янги касалланиш ҳолатларини аниқлаш ва ҳайвонлар жасадларини хавфсиз йўқ қилиш чоралари кўрилмоқда.
Экология ва ветеринария тиббиёти бўйича мутахассис Жоэл Мбуса Маполининг таъкидлашича, бегемотлар экотизимда муҳим ўрин тутади. Уларнинг нобуд бўлиши сув ва қуруқлик экотизимлари ўртасидаги табиий мувозанатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Вирунга миллий боғида куйдирги касаллиги илк бор кузатилаётгани йўқ. 2025 йилда ҳам ушбу касаллик оқибатида 65 та бегемот нобуд бўлган. Мутахассислар бактерия тупроқда спора шаклида ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолиши мумкинлигини айтмоқда.
Жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, Вирунга миллий боғида 2,7 мингдан ортиқ бегемот яшайди.
Бундан ташқари, ҳудудда узоқ йиллардан бери давом этаётган қуролли тўқнашувлар ҳам ёввойи табиатни муҳофаза қилишни қийинлаштирмоқда. Миллий боғ маъмурияти сўнгги тўрт йил ичида можаро сабабли ўз ҳудудининг катта қисмини назорат қилиш имкониятини йўқотганини билдирган.
Қурғоқчилик эса ҳайвонларнинг сув манбалари атрофида тўпланишига ва зарарланган тупроқ билан кўпроқ алоқада бўлишига олиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кениядаги машҳур миллий боғлардан бирида бир ой ичида 15 та фил нобуд бўлгани ҳақида хабар берилган эди.






