Бразилиянинг Санта-Катарина штатида кузатилган кучли бўрон ва торнадо аэропорт инфратузилмасига жиддий зарар етказди. Айрим ҳудудларни сув босди, мактабларда дарслар бекор қилинди. Аҳолига хавфсизлик нуқтаи назаридан уйларидан чиқмаслик тавсия этилди.
CNN Brasil хабарига кўра, Шапеко аэропортидаги кучли бўрон ангарлар ҳамда асосий терминал жойлашган ҳудуддаги бинолар томининг бир қисмини учириб юборган. Ҳодиса оқибатида аэропорт фаолияти номаълум муддатга тўхтатилган.
Айни пайтда мутахассислар аэропорт инфратузилмасини текширмоқда. Аэропорт фаолиятини имкон қадар тезроқ тиклаш режалаштирилган. Йўловчиларга аэропортга келмаслик ва парвозлар ҳолати бўйича авиакомпаниялар билан боғланиш тавсия этилган.
Кучли ёғингарчилик ва бўрон оқибатида Санта-Катарина штатидаги бир қатор ҳудудларда биноларнинг томлари шикастланган, кўчалар ва турар жойларни сув босган. Штат ҳукумати 4 ва 5 ноябрь кунлари барча давлат мактабларида дарсларни бекор қилган. Ҳудудда об-ҳаво билан боғлиқ ўта юқори хавф даражаси эълон қилинган.
Табиий офат бошқа муниципалитетларда ҳам жиддий оқибатларга сабаб бўлган. Риу-ду-Сул шаҳрида қутқарувчилар сув босган мактабда қолиб кетган 30 нафар кишини, жумладан, болалар ва катталарни қутқарган. Бинонинг кириш қисми сув остида қолгани сабабли қутқарув ишларида шишириладиган қайиқлар ва арқонлардан фойдаланилган.
Пусо-Редонду муниципалитетида эса бўрон 13 та уйнинг томини учириб юборган. Қутқарувчилар йўллар ва гаражларга қулаган дарахтларни олиб ташлаган. Зарар кўрган аҳолига биноларни вақтинча ёпиш ва ҳимоялаш учун махсус брезентлар тарқатилмоқда.






