Фаластин маъмурияти (ФМ) Ғазо сектори устидан назорат ўрнатиш учун Хамас билан эҳтимолий тўқнашувга тайёрлиги ҳақида Қўшма Штатларни хабардор қилди. Middle East Eye нашрига кўра, ФМ, агар ҲАМАС Исроил билан ҳозирги можаро туфайли заифлашса, Ғазо бошқарувини ўз қўлига олиш ниятини билдирган.
AҚШ расмийлари билан сўнгги музокараларда ФМ вакиллари Ғазода тартибни тиклаш ва тартибсизлик ёки экстремистик гуруҳларнинг кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳокимият бўшлиғининг олдини олиш зарурлигини таъкидлаган. ФМ, шунингдек, Ғазо устидан назоратни қўлга киритиш бўйича операция бошланса, AҚШ ва халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрашини билдирди.
Бироқ Aмерика Қўшма Штатлари ФМ ташқи ёрдамсиз Ғазо секторини самарали бошқариш ва ҲАМАСга қарши кураша олиш қобилиятига шубҳа билдирди, дейди манбалар. AҚШ расмийлари зўравонлик авж олишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб, можаронинг барча томонлари манфаатларини ҳисобга оладиган сиёсий ечим топишга чақирди.
Aввалроқ, 2007 йилда ҲАМАС ФМ кучлари билан қуролли тўқнашувдан сўнг Ғазо секторини ўз назоратига олган ва Фаластин ҳудудида амалда икки бўлакка – ҲАМАС бошқарадиган Ғазо сектори ва Маҳмуд Аббос бошчилик қилувчи Ғарбий соҳил ерларига бўлиниб қолган эди. Бироқ қўғирчоқ мақомидаги Маҳмуд Аббос раислик қилувчи ФМ Ғарбий Соҳилда чекланган таъсирга эга - амалда бу ҳудуд Исроил армияси томонидан бошқарилади ва Яҳудий давлати қадамба-қадам бу ҳудуд ерларини эгаллаб олиб, келгинди яҳудийларни кўчириб келмоқда. ҲАМАС эса Ғазо секторида нисбатан мустақилроқ ички сиёсат юритади. Айрим экспертларнинг айтишича, Фаластиннинг иккига бўлиниб қолиши ҳам айнан Исроил разведкасининг режалари асосида амалга ошган. Айни кунлардаги воқеалар эса Фаластин ҳудудлари сиёсий ландшафтида жиддий ўзгаришларга олиб келиши ва халқаро ҳамжамиятнинг жиддий эътиборини талаб қилиши мумкин.
Абдуллоҳ Саййид