Исроил ҳукумати Ғазо секторида “Ҳамас”га қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш ва у ерда хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз режаларини маълум қилди. Исроил расмийлари ҲАМАС таҳдидини йўқ қилиш ва Ғазо секторида барқарорликни таъминлаш учун қатъий чоралар кўрилишини таъкидлади. Уларга кўра, Исроил ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва террористик таҳдидларга қарши курашишда давом этади.
Исроилнинг Jerusalem Post нашри шу ҳақда хабар берган.
Айни пайтда, Фаластин маъмурияти (ФМ) Ғазода назоратни қўлга олишга тайёр эканини маълум қилди. АҚШ ҳукумати билан олиб борилган музокараларда ФМ вакиллари Ғазода фуқаролик бошқарувини қайта тиклаш имконияти ҳақида фикр алмашган.
Исроил молия вазири Бецалель Смотрич эса Ғазонинг келажагига нисбатан кескин позицияни эълон қилди. Унинг таъкидлашича, Исроил “Ҳамас”ни тугатишдан ташқари, Ғазода яҳудий мавжудлигини тиклаш ва бу ҳудудда Исроил назоратини мустаҳкамлаш керак. Қолавреса, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Исроилнинг урушга қайтишига халақит бермоқчи эмас.
Бецалель Смотрич Ғазо Исроил ҳудуди эканини ва уни “ҳар қандай террорчи тузилмалардан тозалаш” кераклигини таъкидлади.
Халқаро ҳамжамият Исроил ва Фаластин ўртасидаги кескинликнинг кучайиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг давом этишига хавотир билан қарайди. Бир қанча давлатлар минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирмоқда.
Исроил ҳукумати эса ҳар қандай ҳужумларга кескин жавоб қайтаришини ва Ғазода хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз стратегиясини амалга оширишда давом этишини маълум қилди.
Абдуллоҳ Саййид