АсосийДУНЁ

Украина рус тилидаги барча маданий маҳсулотларни тақиқламоқчи

Янги таклифга кўра, рус тилидаги қўшиқларни ижрочининг фуқаролигидан қатъи назар, жамоат жойларида ижро этиш ва тарқатиш чекланиши мумкин.

'Украина рус тилидаги барча маданий маҳсулотларни тақиқламоқчи'ning rasmi

Украинада рус тилидаги маданий маҳсулотларни, жумладан, қўшиқларни жамоат жойларида ижро этиш ва тарқатишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Бунинг учун давлат тили тўғрисидаги ҳамда "Маданият тўғрисида"ги қонунларга ўзгартириш киритиш режалаштирилган. Бу ҳақда Украина давлат тилини ҳимоя қилиш бўйича вакили Елена Ивановская "Hromadske" нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, амалдаги қонунчилик рус тилидаги мусиқий асарларни Россия фуқаролари томонидан ижро этилишини чеклайди. Янги таклиф эса ушбу чекловни ижрочининг фуқаролигидан қатъи назар, барчага нисбатан жорий этишни назарда тутади.

"Биз амалдаги давлат тили тўғрисидаги қонунга, шунингдек, умид қиламанки, "Маданият тўғрисида"ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритишни таклиф қилдик. Хусусан, 15-моддага киритиладиган ўзгартиришларга кўра, рус тилидаги маданий маҳсулотлар қонун доирасидан ташқарида қолади. Гап ҳозир ҳам тингланаётган, баъзан эса Украина фуқаролари томонидан жамоат жойларида ижро этилаётган рус тилидаги мусиқий асарлар ҳақида ҳам бормоқда", — деган Ивановская.

Маълумот учун, рус тили Украинада давлат тили мақомига эга эмас. Бироқ мамлакат Конституциясининг 10-моддасида рус тили ва бошқа миллий озчиликлар тилларининг эркин ривожланиши, ишлатилиши ҳамда ҳимоя қилиниши кафолатланган.

2019 йилда Украинада давлат тили тўғрисидаги қонун кучга кирган. Унга кўра, украин тили мамлакатда давлат тили сифатида алоҳида мақомга эга бўлган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги мазкур қонунни "мажбурий украинлаштириш" деб атаган ва унинг айрим қоидаларини рус тилидан турли соҳаларда фойдаланишга қўйилган чеклов сифатида баҳолаган.

Жорий йил ёзида эса Украина Президенти Владимир Зеленский рус тилини Европа минтақавий ёки озчилик тиллари хартияси доирасида ҳимоя қилинадиган тиллар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Мазкур ташаббусни Ивановская ўтган йил август ойида илгари сурган эди.

Ўшанда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Киевнинг ушбу қарорини танқид қилган.

    Бошқа янгиликлар