Украина Қўшма Штатлардан 70 миллиард доллардан ортиқ қийматда ҳарбий ёрдам олган, бироқ АҚШнинг кўрсатган ёрдами 100–200 миллиард долларга етгани ҳақидаги даъволар нотўғри, деди президент Владимир Зеленский.
У бу ҳақда The Associated Press нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди, дея хабар беради Ukrinform.
"Урушдаги мамлакат президенти сифатида айтиш мумкинки, биз АҚШдан 75 миллиард доллардан ортиқ ёрдам олдик. Аммо Украина 177 миллиард долларлик умумий маблағдан 100 миллиард доллар, ёки баъзилар айтганидек, ҳатто 200 миллиард доллар олган деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу муҳим, чунки биз аниқ рақамлар ҳақида гапирмоқдамиз – биз бу ёрдамни нақд пул шаклида эмас, балки қурол сифатида олдик. Бизга етказилган қуролларнинг умумий қиймати 70 миллиард доллардан озгина ошади", – деди Зеленский.
У АҚШ томонидан кўрсатилган ёрдам турли кўринишларда бўлганини, жумладан, гуманитар ва ижтимоий дастурлар, шунингдек, тайёргарлик ва таълим соҳаларини ўз ичига олганини қўшимча қилди. Бироқ, Украинага 200 миллиард доллар айнан ҳарбий мақсадлар учун ажратилган деган фикр нотўғри эканини таъкидлади.
Қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдирар экан, Зеленский 75–76 миллиард доллар ва 200 миллиард доллар ўртасидаги фарқни таъкидлади. Шунингдек, у гуманитар ёрдам доирасида Украина энергетика инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча маблағлар ажратилганини таъкидлади.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, энергетика соҳаси учун ёрдам 200 миллион долларни, соғлиқни сақлаш соҳаси учун ажратилган маблағ эса тахминан 100 миллион долларни ташкил этган.
"Бу 300–400 миллион доллар давлат дастурлари учун ажратилган, бироқ биз бу эҳтиёжларни ё Европа ҳамкорлари билан биргаликда, ёки ички ресурслар ҳисобидан қоплаймиз", – деди у.
Зеленский, шунингдек, фронтдан қайтган ҳарбийлар учун қўллаб-қувватлаш дастурлари давом этиши зарурлигини таъкидлади. Аммо у бу маблағлар Украина давлат бюджетига эмас, балки АҚШ ташкилотлари томонидан аниқ ташкилотларга тўғридан-тўғри ажратилганини аниқлаштирди.
"Бу маблағлар бизнинг бюджетимизга тушган эмас, балки бу ташкилотларга Америка муассасалари томонидан бевосита ёрдам сифатида ажратилган", – деди у.
Бундан ташқари, Зеленский украин ҳукумати тўғридан-тўғри боғлиқ бўлмаган кўплаб гуманитар дастурлар мавжудлигини таъкидлади.
Аввалроқ хабар берилганидек, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти USAID дастури доирасида чет элга ажратиладиган ёрдамни 90 кунга тўхтатиб қўйган.
Абдуллоҳ Саййид