Малайзиянинг Meraque компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида ақилли қишлоқ хўжалиги техникалари ва дронларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Шунингдек, Малайзия Қишлоқ хўжалиги тадқиқотларини ривожлантириш институти ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар маркази ўртасида имзоланган келишув асосида малайзиялик селеционер олимлар томонидан яратилган шўрга ва сувсизликка чидамли, қора, узун ҳамда ароматик шоли навларини Ўзбекистонда тажриба сифатида экиб кўпайтириш учун уруғлар олиб келинади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда етиштирилган “Девзира” шоли уруғлари Малайзияга жўнатилади.