АсосийЖамият

Президент "Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси" IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади

"Биз Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этиш жараёнларида Алишер Навоий асарларини ўзимиз учун битмас-туганмас куч-ғайрат ва илҳом манбаи деб биламиз" - деди Шавкат Мирзиёев.

'Президент "Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси" IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади'ning rasmi

Ҳурматли симпозиум қатнашчилари!

Муҳтарам меҳмонлар!

Аввало, сиз, азизларни “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” IV халқаро симпозиумининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Қадимий Ўзбекистон заминида, гўзал Зарафшон воҳасида Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси, буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий номи билан аталадиган навқирон шаҳарда илк бор ўтказилаётган ушбу форумнинг нуфузи дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда. Бу галги анжуманда Осиё, Африка, Европа ва Америка қитъалари мамлакатларидан кўплаб таниқли олим ва тадқиқотчилар иштирок этаётгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.  

Мазкур анжуман Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинган жорий йилда, улуғ аждодимизнинг 584 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган кунларда ўтаётгани унинг файзи ва шукуҳини янада оширмоқда.

Қадрли дўстлар!

Жаҳон адабиёти ва тафаккури тарихида ўчмас из қолдирган Алишер Навоийнинг серқирра ижтимоий-сиёсий, ижодий, илмий-маърифий фаолияти, бой адабий-бадиий мероси асрлар давомида юксак инсонпарварлик, Ватанга садоқат, адолат ва эзгулик тимсоли сифатида ҳамиша жаҳон аҳлининг эътиборини тортиб келмоқда.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий ўта мураккаб шароитда миллий ва умуминсоний ғояларни баланд кўтариб майдонга чиққани, ўзбек адабий тилига асос солиб, унинг ўлмас руҳи, қудрати ва латофатини ҳар томонлама исботлаб бергани чинакам маънавий жасорат намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу мумтоз сиймо жаҳон адабиёти мезонларига, замон ва тарих синовларига тўла жавоб берадиган дурдона асарлар яратиб, нафақат ўзбек, балки барча туркий адабиётлар ривожига беқиёс ҳисса қўшгани ҳам юксак ҳайрат ва таҳсинга муносибдир.

Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий мероси ҳақли равишда жаҳон адабиёти даҳоларининг буюк асарлари билан бир қаторда туриши бизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Айниқса, мутафаккир аждодимизнинг турли халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, башариятнинг ёруғ келажагини биргаликда қуришга чорлайдиган ғоя ва қарашларининг аҳамияти ҳозирги таҳликали даврда тобора ортиб бормоқда.

Бугунги кунда биз Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этиш жараёнларида Алишер Навоий асарларини ўзимиз учун битмас-туганмас куч-ғайрат ва илҳом манбаи деб биламиз. Шу боис бу ноёб маънавий бойликни чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, шу борада юртимиз олимлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётган сиз, азизларга, барча илм-фан намояндаларига чуқур миннатдорлик билдираман.

Ушбу анжуманга пухта тайёргарлик кўрган, Алишер Навоийнинг таваллуд айёмини катта шоду хуррамлик ва бунёдкорлик ишлари билан кутиб олаётган Навоий шаҳри ва вилояти аҳлига, мутасадди раҳбарларга ҳам самимий ташаккур изҳор этаман.

Сизларни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, илмий ва ижодий фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, анжуман ишига эса муваффақият тилайман.

 Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Қашқадарёда яширин цех очганлар қўлга тушди'ning rasmi

    Жамият 08.02.2025 21:34

    Қашқадарёда яширин цех очганлар қўлга тушди

    Цехда қўлбола ароқ тайёрланган.

    'Тошкент вилоятида ҳаво сифати 40 баробар бузилгани айтилди'ning rasmi

    Жамият 08.02.2025 18:33

    Тошкент вилоятида ҳаво сифати 40 баробар бузилгани айтилди

    Экология вазирлиги бу хабарларни рад этиб, расмий муносабат билдирди.

    'Тошкентда автобусда вояга етмаган болага эркак тегажоғлик қилди'ning rasmi

    Жамият 08.02.2025 14:13

    'Суондарёлик тадбиркор Бахром Раупов "Дўстлик" ордени билан мукофотланди'ning rasmi

    Жамият 08.02.2025 11:57

    'Актёр Хусан Мусабоев 71 ёшида вафот этди'ning rasmi

    Жамият 08.02.2025 09:15

    Актёр Хусан Мусабоев 71 ёшида вафот этди

    Актёр Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби эди.

    'Жиззахда тадбиркор 1,3 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди'ning rasmi

    Жамият 08.02.2025 08:33

    Жиззахда тадбиркор 1,3 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

    Тадбиркор шунча газни рудадан рангли металл ажратиш учун ишлатган.