Ижтимоий тармоқларда "Автобусда ёш болага очиқдан очиқ тегажоқлик қилинди" сарлавҳаси остида видео тарқалди. Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 4 февраль куни Тошкент шаҳридаги йўловчи ташувчи автобусда фуқаро Х. Ғ. (1988 йилда туғилган эркак) маст ҳолда бўлиб, вояга етмаган У. И. (2012 йилда туғилган ўғил бола)га жинсий тегажоқлик ва боланинг шаънига зид бошқа ноқонуний ҳаракатлар қилган.
Ҳозирда болага нисбатан содир этилган бундай зўравонлик ҳолати бўйича Чилонзор тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳолат бўйича фуқаро Х. Ғ. га нисбатан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 129-моддаси ("Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уясиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш") билан жиноят иши қўзғатилди. Гумон қилинувчи Х. Ғ. процессуал тартибда ушланган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот ўрнида, Жиноят Кодексининг 129-моддаси. Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш 1-қисми бўйича 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш 2-қисми бўйича 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.