Ўзгидромет хабарига кўра, ушбу ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди нам ва нисбатан совуқ ҳаво массалари таъсири остида бўлади. Республика бўйича вақти-вақти билан асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.
13 февралда марказий ва шарқий вилоятларда айрим жойларда, шунингдек, Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
14 февралда республиканинг кўпчилик вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди, фақат энг чекка жанубда баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.
Ҳаво ҳарорати 10-11 февралда кундуз кунлари 0-5 даража илиқ, кечалари 0-5 даража совуқ, шимолда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 6-8 даража совуққача бўлади.
12 февралдан ҳарорат аста-секин кўтарила бошлайди ва 13-14 февралга келиб, кундузги ҳарорат 8-11 даража илиққача, жанубда 12-14 даража илиққача кўтарилади.
Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 15-20 м/с гача кучаяди.
Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади.