Бугун, 10 февраль куни Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган, диаметри 1020 мм бўлган магистраль газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилган ҳамда ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
“Ҳозирги вақтда мазкур ҳолатни бартараф этиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда. Ёнғин натижасида жабрланганлар ҳамда тан жароҳати олганлар йўқ”, дейилади хабарда.
Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг маълум қилишича, соат 11:26 да, “ГАЗЛИ” МГҚБнинг диаметри 1020 мм бўлган 26 кг босим остидаги “Бухоро-Урал” МГҚнинг ер остидан ўтган 106 километрида (энг яқин аҳоли маскани Ромитан тумани Қизилработ МФЙдан 40 км узоқликда) авария содир бўлган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида соат 11:30 да мурувватлар ёпилиб, қолдиқ газларни чиқиб кетиши кузатилган.
“Ҳозирда авария тўлиқ бартараф этилди. Воқеа жойига вилоят ФВБ, Ромитан тумани ФВБ бошлиғи 1 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейилади хабарда.