Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида Толибоннинг "Наҳий мункар ва амри маъруф" департаменти БМТнинг маҳаллий эркак ходимларига соқол қўйиш мажбурий эканлиги ҳақида янги кўрсатма берди. Бу ҳақда БМТдаги манбалар маълум қилди. 8 февраль куни Толибон расмийлари Ҳиротдаги Ислом Қалъа марказига ташриф буюриб, эркак ходимларни соқол қўймаслик ёки уни қисқартириш қамоқ жазосига олиб келиши ҳақида огоҳлантиришди.
Бу кўрсатма Толибоннинг давлат муассасалари ва таълим муассасаларида соқолни қисқартиришни тақиқлаш бўйича аввалги тақиқларидан кейин янграган. Бу эса уларнинг қатъий ижтимоий қоидаларни жорий этишда давом этаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, Афғонистондаги гуманитар операцияларни амалга ошириш тобора қийинлашмоқда. БМТнинг Гуманитар ишлар бўйича мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA)нинг декабрь ойидаги ҳисоботига кўра, ноябрь ойида 164 та нохуш ҳодиса қайд этилган бўлиб, бу октябрь ойига нисбатан 56 фоизга ва 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга кўпдир. Бу ҳодисаларнинг 99 фоизи “Толибон” билан боғлиқ бўлиб, Жанубий, Марказий тоғли ҳудудлар, Ғарбий ва Марказий минтақаларда содир бўлган. Бу тўсиқлар ёрдам етказиб беришни жиддий равишда бузиб, 72 та лойиҳанинг вақтинча тўхтатилишига, икки ташаббуснинг доимий равишда тўхтатилишига ва бир муассасанинг ёпилишига олиб келди.
Бу каби чекловлар халқаро ҳамжамиятнинг танқидига сабаб бўлмоқда, чунки улар инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ёрдам етказиб беришга салбий таъсир кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал толиблар Қобулдаги ягона аёллар радиоси - Radio Begum радиоканалини “рухсат этилмаган дастурларни эфирга бергани” учун ёпиб қўйишган эди.
Абдуллоҳ Саййид