Ўзбекистонда 9−12 февраль кунлари автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) га газ етказиб беришда вақтинчалик чекловлар жорий этилди. "Ўзэнергоинспекция" хабар қилди.
Инспекция маълумотларига кўра, об-ҳаво кескин совиган даврларда газ узатиш тизимида босимни барқарор ушлаб туриш мақсадида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ устувор равишда етказиб берилмоқда. Газ қувурларидаги босим нормаллашгандан кейингина газ метан заправкалари ўртасида босқичма-босқич тўлиқ ҳажмда тақсимланади.
"9−12 февраль кунлари республиканинг барча ҳудудларида ташқи ҳаво-ҳароратининг кескин совиб кетиши натижасида табиий газга эҳтиёж ортганлиги сабабли маҳаллий ҳокимликлар томонидан киритилган графикларга асосан АГТКШларга табиий газ етказиб бериш вақтинчалик қисқартирилган", — дейилади 12 февраль кунги хабарда.
Сўнгги кунларда ҳайдовчилар интернет-ҳамжамиятларида газ қуйиш шохобчаларида соатлаб навбатлар пайдо бўлаётгани ҳақида оммавий равишда хабарлар тарқала бошлади. Ҳайдовчилар пойтахтдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари ишламаётгани ҳақидаги маълумотларни эълон қилган. 11 февраль куни баъзи ҳайдовчилар шаҳардаги барча метан шохобчалари ёпилганини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари такси хизматлари нархининг кескин ошганини ҳам қайд этди. Масалан, маълум бир йўналиш бўйича саёҳат нархи илгари 14−15 минг сўм бўлган бўлса, 20−23 минг сўмгача қимматлашди.
Андижон вилоятидаги газ қуйиш шохобчалари эгаларидан бирининг маълум қилишича, январь ойи ўрталаридан бери газ қуйиш шохобчаларининг қарийб 70 фоизи маҳаллий ҳокимият қарори билан ишламаяпти.