Telegram ижтимоий тармоғида "Алишер Усмонов акцияси" номли 200 дан ортиқ гуруҳ очиб, фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштираётган 7 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Пойтахт ИИББ Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, Оҳангарон шаҳрида яшовчи 25 ёшли (Ш.Б.) ўз хонадонида Фарғона вилоятида яшовчи 18-25 ёш орасидаги 6 нафар шахсни жалб қилган ҳолда Telegram орқали "Алишер Усмонов акцияси" номи билан 200 дан ортиқ гуруҳ очиб, фаолият юритган.
Гуруҳда фуқароларга ютуқ чиққани ҳақида ёлғон маълумотлар юборилиб, ютуқни олиш учун бадал пули талаб қилинган ва турли миқдордаги пул маблағларини бошқа шахслар номидаги банк карталарига тушириб ўзлаштирган.
Тадбир давомида мазкур хонадондан 4 дона компьютер, 11 дона телефон, Wi-Fi қурилмалари ҳамда турли банк карталари далилий ашё сифатида олинди.
Дастлабки суриштирувларга кўра, ушбу гуруҳнинг ҳар бир аъзосига алоҳида вазифа белгиланган. Бир шахс сохта чек тайёрлаб, гуруҳларни назорат қилса, бошқаси реклама тарқатиш ва гуруҳларга одам йиғиш билан шуғулланган.
Шунингдек, яна бири фуқаролар билан мулоқотга киришиш вазифасини бажарган бўлса бошқаси кунлик пул тушумларини банкоматлар орқали нақдлаштириш билан шуғулланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.