АсосийСиёсат

Ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш бўйича қонун маъқулланди

Жисмоний шахсларнинг ўз номига кредит олишни тўхтатиб қўйиш амалиёти бепул бўлади.

'Ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш бўйича қонун маъқулланди'ning rasmi

Сенатнинг 20 февралдаги тўртинчи ялпи мажлисида ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

“Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан жисмоний шахслар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқлар, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартлари, шунингдек, кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузгани учун жавобгарлик белгиланилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонунда фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабарисиз кредит маблағларини уларнинг номига расмийлаштириш ва мазкур кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган механизмни яратишга оид ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилган.

Шунингдек, фуқаронинг кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрида мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, тақиқлаш (тақиқни бекор қилиш) тўғрисидаги аризанинг ҳолати ҳақида ахборот олиш ҳамда беришда кредит бюроларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар, уларга нисбатан қўлланадиган чоралар ва санкциялар ҳам акс эттирилмоқда.

Мажлисда қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ариза киритиш орқали фуқаро билан кредит битимини тузишни тақиқлаш имконини беради.

    Бошқа янгиликлар