Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги мактабда ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида келишмовчилик юзага келгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Расмийлар ҳолатни ўрганиб, тегишли жазо тайинланганини маълум қилди.
Болалар омбудсманининг билдиришича, 8 февраль куни 8-синф ўқувчилари Б.Н. ва Э.С. инглиз тили фани дарси вақтида ўзаро тортишиб турли сўзлар билан бир-бирини ҳақорат қилган. Ўқитувчи Э.Ф. ўқувчига дарсдан чиқиб кетишини айтган, бироқ ўқувчи ўқитувчининг талабига бўйсунмасдан унга нисбатан ноўрин сўзлар ишлатган.
Мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, тегишли тартибда ўрганиш олиб борилди ҳамда педагог ходимларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланди.
Мактаб тартиб-қоидаларини бузган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ушбу моддада БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача (375 минг сўмдан 1 миллион 875 минг сўмгача) миқдорда жарима белгиланган.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳам Чироқчи туманидаги 34-умумий ўрта таълим мактабида юз берган ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
“Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим ташкилотларининг педагог ходимларининг ўз хизмат вазифаларига аралашиш ҳамда уларни обросизлантириш ҳолатларига қарши курашиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг ҳам етарли мажбуриятлари борлигини ва салбий ҳолатларни келтириб чиқарганлик учун қонунчиликда жазо чораси борлигини маълум қиламиз”, дейилади муносабатда.