Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Фарғона вилоятида вояга етмаган шахсларга ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари фош этилди.
18 февраль куни Учкўприк тумани Катта Қўштепа маҳалласида яшовчи шахс хонадонида ҳужра ташкил қилгани аниқланди. 52 ёшли шахс ҳеч қандай маълумотга эга бўлмай туриб, 10 нафар вояга етмаган болага ноқонуний тарзда диниий таълим берган.
2024 йил октябрдан буён фаолият кўрсатаётган ҳужрага ўқувчилар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Наманган вилоятлари ҳамда Учкўприк, Риштон туманларидан борган. Уларнинг ота-оналаридан ойига 200 доллардан олинган.
10 февраль куни Бувайда тумани Тепалик маҳалласида яшовчи 34 ёшли фуқаро турмуш ўртоғи билан уйининг ертўласида ҳужра ташкил қилгани аниқланган. Улар Сурхондарё, Наманган вилоятлари ва қўшни туманлардан бўлган 30 нафар ўғил-қизга (25 нафари вояга етмаган) ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасдан ноқонуний тарзда диниий таълим бериб келган.
19 февраль куни Марғилон шаҳри Роҳат маҳалласида ҳам 48 ёшли шахс ҳужра ташкил қилгани аниқланган. У хонадонида 30 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериб келган.
Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.