АсосийЖамият

Фарғонада 6 ой олдин таъмирланган йўл ўпирилиб кетди

Йўл машиналар ўтаётганда ўпирилиб кетди.

'Фарғонада 6 ой олдин таъмирланган йўл ўпирилиб кетди'ning rasmi

Фарғона вилояти Боғдод туманида ўтган йили август ойида таъмирланган йўл машиналар ўтаётганда ўпирилиб кетди. Бу ҳақда Фарғона вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 24 февраль кунига ўтар кечаси Фарғона вилояти Автомобиль йўлларидан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси ихтиёрида бўлган D105 ( 4Р-112) “Фарғона ҳалқаси” автомобиль йўлининг Боғдод тумани “Қахат” МФЙ ҳудудидан ўтган 286 километрида йўлнинг ўнг томонидан оқиб ўтувчи Фарғона каналида сув сатҳи кўпайиб, автомобиль йўлининг таг қисмидан сизиб ўтиши оқибатида асфальт йўл қопламасида чўкиш юзага келган.

Ҳозирги вақтда мазкур автомобиль йўлининг Қўқон-Фарғона йўналиши бўйича 285 километр ва Фарғона-Қўқон йўналишининг 288 километрларидан вақтинчалик ҳаракат чекланиб, ушбу туманнинг 40V 047 Боғдод-Дашт-Утарма (Қўқон-Фарғона) ва 40V 046 Янгиқўрғон-Утарма-Қақир (Фарғона-Қўқон) автомобиль йўллари орқали ҳаракат ташкил этилган ва йўл чўккан қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Билдирилишича, мазкур автомобиль йўли 2024 йил август ойида жорий таъмирланган. Транспорт воситаси ҳаракат жадаллиги суткасига 30 000-35 000 ташкил этади, ҳаракат вақтинча тўхтатилиб, ташкил этилган автомобиль йўлларининг 25 километрга узайган. Фарғона вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармасига кўра, бугун, 24 февраль куни соат 18:00 га қадар автомобиль йўлида таъмирлаш ишлари якунланиб, транспорт воситаларининг ҳаракати йўлга қўйилиши режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар