АсосийДунё

АҚШда 15 йилдан бери илк бор маҳбус отиб ўлдирилади

Жанубий Каролина штатида ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳбус ўз қатлини отиб ўлдириш усули билан амалга оширишни сўраган.

'АҚШда 15 йилдан бери илк бор маҳбус отиб ўлдирилади'ning rasmi

Американинг Жанубий Каролина штатида ўлим жазосига ҳукм қилинган Бред Сигмон ўз қатлини отиб ўлдириш усули билан амалга оширишни сўради. Бу усул мамлакатда 15 йилдан буён қўлланилмаган. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, Сигмоннинг қатл санаси 7 мартга белгиланган. 21 февраль куни у Жанубий Каролина штатида биринчи бўлиб отиб ўлдириш усулини танлаган маҳбус бўлди. Аввалги вариантлар – ўлим инъекцияси ёки электр стули эди. Сигмоннинг адвокати иккала усулни ҳам “ваҳший” деб атаган.

AP маълумотларига кўра, 1976 йилдан буён АҚШда атиги уч маҳбус отиб ўлдириш йўли билан қатл этилган. Барча қатл ҳолатлари Юта штатида амалга оширилган, охиргиси 2010 йилда бўлган.

Сигмон 67 ёшда. У 2001 йилда собиқ маъшуқасининг ота-онасини бейсбол таёқчаси билан ўлдиргани учун ўлим жазосига ҳукм қилинган. Тергов маълумотларига кўра, қотилликдан сўнг у собиқ севгилисини қурол билан қўрқитиб ўғирлаб кетган, бироқ қиз қочиб қутулган. Прокурорларнинг фикрича, Сигмон қочаётган қизга ўқ узган, аммо нишонга тегмаган.

Шундай қилиб, Сигмон АҚШда 1976 йилдан буён Жанубий Каролинада қатл этилган 46 маҳбус ичида энг ёши улуғи бўлиши мумкин. У ҳали ҳам губернаторга мурожаат қилиб, ўлим жазосини умрбод қамоқ билан алмаштириш имкониятига эга. Адвокатлари Сигмоннинг қамоқхонадаги намунали хулқ-атвори ҳақида маълумот берган.

    Бошқа янгиликлар