Четга ишлашга кетган фуқароларга ҳам Ўзбекистонда ипотека кредити олиш имконияти берилади. Бу президентнинг 21 февралдаги фармони билан тасдиқланган “йўл харитаси”да белгиланди.
Унга кўра, чет элда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахслар ва салбий кредит тарихига эга бўлган фуқаролар учун ипотека кредити ва субсидиядан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш кўзда тутилган. Бу вазифа Марказий банкка топширилган бўлиб, ижро муддати этиб 2025 йил 1 апрель кўрсатилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам ушбу санагача ипотека кредитини ажратишда банкларнинг хатарларини камайтиришга хизмат қилувчи давлат ипотека кафолатини тақдим этишмеханизмини жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши лозим.
Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бирга кўп квартирали уй-жойлардаги янги турар ва нотурар жойларни қурилиш ташкилотларидан тўловни тижорат банки орқали амалга ошириб сотиб олган фуқароларга тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасининг бир қисмини кешбек сифатида қайтариш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва Президент администрациясига киритиши белгиланди.
Президент раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда аҳолига расмий иш жойи бўлмаса ҳам, даромадини декларация асосида ҳисобга олиб, ипотека кредити олиши учун имконият яратилган. Лекин ҳозирда хорижга ишлашга кетганларга “Ўзбекистонда расмий даромади йўқ” деган важ билан кредит ва субсидия берилмаётгани қайд этиб ўтилганди.
Президент мутасаддиларга хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқаролар даромадини ҳисобга оладиган тизим яратишни топширганди.