Туркиялик машҳур қўшиқчи Сердар Ортач озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
90-2000-йилларда «Ёз ёмғири», “Масофа”, “Соҳибининг саси” каби қўшиқлари билан дунёга машҳур бўлган турк хонандаси Сердар Ортач 10 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, 400 лира миқдорида жаримага тортилди.
Қўшиқчи Туркияда энг оғир жиноятлардан саналмиш ноқонуний инвестицияни тарғиб қилгани учун жазога тортилган. Бу қарор Истанбул прокуратураси томонидан қимор ўйинларини тартибга солувчи қонунларни бузганликда айбланиб ўтказилган тергов доирасида қабул қилинган. Суд, ҳукм ижросини кечиктириш тўғрисида қарор чиқариб, хонандага ҳозирча қамалмаслик имконини берди. Шунингдек, таниқли турк шоумени Меҳмет Али Эрбил ҳам дастлабки тергов доирасида уй қамоғига олинган эди.
Аввалроқ, Истанбул Республика прокуратураси томонидан ноқонуний пул тикишни тарғиб қилиш билан боғлиқ тергов доирасида Сердар Ортач ва Меҳмет Али Эрбилга "уй қамоғи" кўринишидаги назорат чораси белгиланган эди. Сердар Ортачнинг адвокати бу қарорни бекор қилиш учун Истанбул Олий жиноий судига мурожаат қилган. Суд аризани кўриб чиқиб, "уй қамоғи" тарзидаги назорат чорасини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилган.
Абдуллоҳ Саййид