Эндиликда хайрия маблағлари бевсита муҳтожларга етиб бориши учун жамоатчилик назорати кучайтирилади. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоралари darakchi.uz'га хабар берди.
Қонунчилик палатасида Ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилган лойиҳада ҳомийлик маблағларини йиғиш, якка шахслар томонидан ҳомийлик акцияларини ташкиллаштириш, ҳомийлик қутиларини жойлаштириш кабилар тартибга солинади.
Лойиҳага кўра, жисмоний шахслар фақат ўзи ва яқин қариндоши учун хайрия йиғиши мумкин. Кўнгиллилар ўзига бегона шахслар учун хайрия йиғиш жараёнига фақат бу ҳақида эълон бериш орқали кўмаклашади. Бунда, хайрия пуллари хайрия олувчи ёки унинг яқин қариндошининг банк ҳисобрақами, пластик картаси ёки ўзларига бевосита берилади.
Шунингдек, лойиҳада хайрия қутиларини жойлаштириш ҳам тартибга солинмоқда. Эндиликда хайрия қутиси фақат нодавлат ташкилотлар ва бошқа ҳомийлик қилувчи ёки олувчи юридик шахслар томонидан ўрнатилади. ННТлар ва бошқа ҳомийлик қилувчи ёки олувчи юридик шахслар нақд пул шаклида хайрияни фақат хайрия қутиси орқали йиғади.
Хайрия қутиси шаффоф идиш бўлади, жойлаштириладиган манзил олдиндан эълон қилинади, уни очишда гувоҳлар қатнашади ва бу жараён видеотасвирга олиниб, жамоатчиликка эълон қилинади.
Хайрияларини йиғиш ва хайрия қутиларини ўрнатиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, хайрия тадбирларини ташкил этишда фирибгарлик ва бошқа қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида аввал ҳам кўп хабар берилган. Масалан, ўтган йили Jasjan тахаллуси билан танилган ўзбекистонлик блогер ўз ижтимоий тармоқларида камбағал оилаларга пул эҳсон қилишга чақирувчи эълонларни жойлаштирган. Блогер ўз хизматлари учун 3 минг доллар талаб қилган.