Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Танзиландия” номли хусусий боғчада болалар мунтазам калтаклангани айтилмоқда. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Болалар омбудсмани матбуот хизматининг маълум қилишича, 12 февраль куни 7 нафар ота-она хусусий мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган фарзандларига нисбатан тарбиячилар қўпол муносабатда бўлаётганлигини билдириб, қонуний чора кўриш бўйича мурожаат қилган.
Болаларга нисбатан тан жароҳати етказилганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Мактабгача таълим муассасаси маъмурияти томонидан 3 нафар тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Мирзо-Улуғбек тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.