ТАФАККУР ҚИЛИНГ!
Ижтимоий тармоқларда хатлов ишлари кечиктирилаётганлиги тўғрисида хабарлар эълон қилинди. Ҳолат юзасидан Кадастр агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи — ахборот сиёсати масалалари бўйича директор маслаҳатчиси Неъматжон Атамуратов изоҳ берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда хатлов ишларига 4 500 дан ортиқ кадастр ходимлари жалб этилган ва улар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам хатловни давом эттирмоқда.
Мазкур хатлов ишларида белгиланган режага нисбатан бироз ортда қолишга қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлмоқда:
1. Кадастр ходимлари хатловга борганда уй-жой эгаларининг уйда бўлмаслиги;
2. Уй-жойда яшовчи фуқаролар хатлов ишларини бажариш учун кадастр ходимларини уйга киритмаслиги.
Суистеъмолчилик бўлмаслиги, ҳеч қайси уй эътибордан четда қолиб кетмаслиги учун бир маҳаллада хатлов ишларини якунламасдан бошқа маҳаллада хатлов ишларини бошлаш мумкин эмаслиги белгиланган.
Юқоридаги каби ҳолатлар сабаб кадастр ходимлари бир уйга бир неча маротаба такрор боришига, кўп вақт йўқотишига сабаб бўлмоқда.
Оқибат - бир уйга бир неча маротаба такрор бориш тасдиқланган режа-жадвалда кечикишларни юзага келтиради.
Кейинги маҳаллада белгиланган хатлов ўз вақтида бошланиши нафақат кадастр ходимларига балки, уй-жой эгаларига ҳам боғлиқ.
Қонун талабларига мувофиқ объектни хатловдан бошлаб қарори чиққунига қадар саккиз ойгача бўлган муддатни талаб этилиши белгиланган.
Хусусан:
Ваколатли ташкилотлар икки ой муддатда автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларни ва ҳужжатларни киритади (16-модда);
Ахборот тизимида шакллантирилган хатлов натижалари ҳамда ваколатли ташкилотларнинг хулосалари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида бир ой давомида жамоатчиликка эълон қилинади (17-модда);
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги жиҳатидан икки ой ичида ўрганади (18-модда);
Эътироф этиш учун юборилган маълумотлар ва ҳужжатлар уч ой ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессияларида (мажлисларида) муҳокама қилинади (20-модда).
"Юқорида қайд этилганларни инобатга олиб, юртдошларимиздан аввало шошмасликларини, хатлов ишларини амалга оширишда кадастр ходимларига кўмаклашишларини сўраймиз. Оммавий ахборот воситалари, блогер ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан эса, аҳолида норозилик, Қонунларга нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотиш, Давлат идорасини обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни тармақмасликка чақириб қоламиз. Зеро, ушбу ҳаракатлар учун қонунчиликда жавобгарлик мавжулигини ёддан чиқармайлик", - дейилади муносабатда.