Шимолий Корея Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча ҳарбийлар юборди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб, Yonhap хабар берди.
Разведка маълумотларига кўра, Шимолий Корея январь ва февраль ойларида Россияга 1000 дан ортиқ ҳарбий хизматчини жўнатган. Бу Украина армиясига қарши курашиш учун аллақачон жойлаштирилган 11 мингга яқин ҳарбийга қўшимча бўлган.
Тахминан бир ой давом этган сукунатдан сўнг, Шимолий Корея қўшинлари февраль ойининг биринчи ҳафтасидан бошлаб Курскнинг олдинги чизиғига жойлаштирилди, деди Миллий разведка хизмати.
Бундан ташқари, разведка вакили Шимолий Корея Россияга яна қўшимча қўшин юборишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган. Россияга юборилган КХДР аскарлари январь ойининг ўрталаридан бери Курск вилоятидаги жангларда иштирок этмаяпти. Бунинг сабаби, эҳтимол, улар орасидаги йўқотишлар сонининг кўплигидадир.
Разведка ҳисоб-китобларига кўра, 300 га яқин аскар ҳалок бўлган ва 2700 га яқини яраланган.