АсосийЖамият

Европа Иттифоқини 800 миллиард еврога қайта қуроллантириш ва Украинага ёрдам бериш режаси тақдим этилди

Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи давлатларига мудофаа харажатларини ўртача ЯИМнинг 1,5% га оширишни таклиф қилди.

'Европа Иттифоқини 800 миллиард еврога қайта қуроллантириш ва Украинага ёрдам бериш режаси тақдим этилди'ning rasmi

Европа Иттифоқини 800 миллиард еврога қайта қуроллантириш ва Украинага ёрдам бериш режаси тақдим этилди.

Европа Комиссияси (ЕК) раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи (ЕИ) давлатларига мудофаа харажатларини ўртача ЯИМнинг 1,5% га оширишни таклиф қилди. Бу орқали қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш учун €650 миллиард йиғиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, у мудофаа соҳасига сармоя киритишни кенгайтириш ва Украинага ҳарбий етказиб беришни тезлаштириш ҳамда ошириш имконини берадиган €150 миллиардлик янги кредит механизмини яратишни таклиф этди. Бу маблағлар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва Украина Қуролли Кучлари (ВСУ) учун қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Европа Комиссиясининг умумий қайта қуролланиш режаси Европа учун €800 миллиардга тушиши мумкин.

Фон дер Ляйен ўз таклифларини 6 мартда бўлиб ўтадиган саммит олдидан Европа Иттифоқи давлатларига махсус хат шаклида тақдим этди. "Асосий мақсад – пулни яхшироқ ва биргаликда сарфлаш. Биз ҳаво ва ракетадан мудофаа тизимлари, артиллерия қуроллари, ракеталар ва снарядлар, дронлар ва дронларга қарши тизимлар, шунингдек, киберхавфсизлик ва ҳарбий ҳаракатчанлик каби соҳалар ҳақида гапирмоқдамиз", — деди у ўз режасини тақдим этиб.

Унинг фикрича, бу ҳаракатлар Европа Иттифоқи мамлакатларига "талабни бирлаштириш" ва жамоавий харидларни амалга ошириш имконини беради. Урсула фон дер Ляйеннинг фикрича, Европа "қуролланиш даврига" кирди. У мудофаа харажатларини ошириш зарурлигини нафақат Украинага ёрдам, балки Европанинг хавфсизлиги учун масъулият билан изоҳлади.

Расмий маълумотларга кўра, 2021 йилдан 2024 йилгача Европа Иттифоқининг мудофаа харажатлари 30% дан кўпроқ ошиб, қарийб €326 миллиардга етди, бу эса блок ЯИМнинг 1,9% ни ташкил этади. Февраль ойида Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни раҳбари Армин Паппергер Европада ва Украинада омборларда қурол қолмаганини айтган эди.

                                              Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар