Жанубий Кореядаги машғулотлар пайтида KF-16 қирувчи самолёти тасодифан Почон шаҳридаги турар жой ҳудудига саккизта MK-82 бомбасини ташлади. Бу ҳақда Yonhap хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, етти киши жароҳатланган, тўрт нафарининг аҳволи оғир. Шунингдек, бир нечта турар жой бинолари ва черков шикастланган. Жанубий Корея ҳарбий-ҳаво кучлари ҳодиса юзасидан тергов бошлаган.
Ҳаво бомбаларининг тасодифан тушиши оқибатида тинч аҳоли жабрланганидан чуқур афсусдамиз ва жароҳатланганларга тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз, дейилади Ҳарбий-ҳаво кучлари баёнотида.
Yonhap нашри бомбалар ташланганидан кейинги суратни ҳам эълон қилган. Суратда кучли шикастланган уй, унинг ёнидаги ерда эса вайроналар сочилиб ётганини кўриш мумкин.
Жанубий кореялик ҳарбий хизматчиларнинг агентликка маълум қилишича, Почон шаҳридаги Синчжин полигони ҳудудида ҳарбий-ҳаво кучлари, қуруқликдаги қўшинлар ҳамда Жанубий Кореяда жойлашган АҚШ қўшинлари иштирокида ҳарбий машғулотлар ўтказилган.
Жанубий Корея ва АҚШнинг энг йирик йиллик қўшма ҳарбий машғулотларидан бири — Freedom Shield март ойи охирида бошланиши режалаштирилган.
1950–1953 йиллардаги Корея уруши тинчлик шартномаси эмас, балки сулҳ билан якунлангани сабабли Жанубий ва Шимолий Корея техник жиҳатдан ҳануз уруш ҳолатида ҳисобланади. АҚШ Жанубий Кореяда ўн минглаб аскарларини жойлаштирган бўлиб, бу қисман Сеулни Пхеньянга қарши ҳимоя қилишга қаратилган.