2026 йил 1 ноябрдан тадбиркорлар томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни ҳам аниқлашга рухсат берилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 29 октябрдаги қарорида белгиланган.
Гап Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 596-сон қарори ҳақида кетмоқда.
Ҳужжат билан тадбиркорлар ўрнатган махсус қайд этиш воситалари орқали хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидалари бузилишини ҳам аниқлаш имконияти яратилди. Шу муносабат билан Ҳукуматнинг 2021 йил 21 апрелдаги 232-сон қарорига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Янги тартибга кўра, бундай қурилмалар қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт, ҳодиса содир бўлган жойнинг аниқ координаталари ҳамда метрологик қиёслаш гувоҳномаси рақами ва унинг амал қилиш муддати ҳақидаги маълумотларни «Маъмурий амалиёт» модулига автоматик равишда узатиши шарт.
Шунингдек, қурилмалар электр энергияси узилган тақдирда ҳам камида 8 соат давомида узлуксиз ишлаш имконини берувчи захира электр манбаи билан жиҳозланиши лозим.
Қоидабузарликни қайд этиш жараёнида эса ҳайдовчининг юз кўриниши, шунингдек, хавфсизлик камаридан фойдаланган ёки фойдаланмагани юқори сифатли фотосуратларда аниқ акс этиши талаб қилинади.






