Исроил армияси Бош штаби Ғазога ҳужум қилишнинг янги режасини тасдиқлади.
Исроил армиясининг янги бош штаб бошлиғи Эяль Замир ҲAМAС билан эҳтимолий жанговар ҳаракатларни қайта бошлашга тайёргарлик кўриш мақсадида Ғазо секторига ҳужум қилиш режаларини тасдиқлади. Бу ҳақда Исроилнинг Ynet нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Исроил можаронинг кучайишига ҳозирлик кўрмоқда, ҲAМAС эса жанглардан сабоқ олиб, ўз кучларини қайта йиғиб, мудофаасини кучайтирмоқда.
Исроил армияси мамлакат сиёсий раҳбариятига Ғазо секторидаги ҳар қандай янги ҳужум турли оператив қийинчиликларга дуч келиши, биринчи навбатда, гаровга олинганлар сақланиши тахмин қилинаётган ҳудудларга тааллуқли бўлиши ҳақида маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ҲАМАС ва Исроил асирлар, тутқинлар ва гаровга олинганларни ўзаро айрибошлаши учун тинчлик сулҳи ва оташкесим амалда бўлиб турибди. Исроил ҲАМАС гаровдагиларни озод қилиб бўлгани заҳоти Ғазо секторига қарши ҳужум бошлаш ва ҲАМАСни батамом йўқ қилиш режаларини яширмаяпти.
Абдуллоҳ Саййид