Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.
Ассалому алайкум, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим!
Аввало, сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун юртимиз аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий буюк она сиймоси, мўътабар аёл зотини улуғлаб, уларнинг бахт-саодати йўлида барчамизни фидокор бўлишга даъват этгани албатта бежиз эмас.
Чиндан ҳам, меҳр-оқибат, олижаноблик, муҳаббат ва садоқат каби юксак инсоний қадриятларни камол топтиришда, оила қўрғонини мустаҳкамлашда сизларнинг хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Бугунги қутлуғ байрамнинг файзли Рамазон ойида бўлиб ўтаётгани унинг эзгу руҳи ва мазмунини янада оширмоқда.
Муқаддас динимиз ҳам муҳтарама оналаримиз, дилбар опа-сингилларимиз, мунис қизларимизга ҳамиша яхшилик қилишга, уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйишга буюради.
Мана шундай қувончли айёмлар барчангизга муборак бўлсин!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш Янги Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида етакчи ўринга қўйилмоқда.
Бугунги кунда ҳурматли аёлларимиз турли соҳа ва тармоқларда Ватанимизнинг жадал тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаётганларини миннатдорлик билан эътироф этамиз.
Масалан, 2017 йилда бошқарув соҳасида ходимларнинг 20 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Аёлларнинг давлат бошқаруви ва парламент фаолиятидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизларимиз давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда.
Ўтган йили Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз делегацияси таркибидаги аёл спортчилардан 3 нафари олтин, 8 нафари кумуш, 3 нафари бронза медалини қўлга киритгани тарихимизда илгари бўлмаган натижадир.
Қизларимиз маданият ва санъат соҳасида ҳам Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришмоқда. Ўтган йили маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда 25 нафар, мамлакат миқёсидаги кўрик-танловларда эса 71 нафар истеъдодли қизларимиз ғолиб бўлганлари ҳам шундан далолат беради.
Мана шундай аёлларимиз сафи кенгайиши, қизларимиз бунёдкор авлод бўлиб майдонга чиқиши учун келгусида уларга қўшимча шароитлар яратиб берамиз.
Албатта, бундай кенг кўламли ишларимиз халқаро миқёсда ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Қадрли юртдошлар!
Бир ҳақиқатни барчамиз яхши тушуниб олишимиз зарур. Аёлларнинг ташвиш ва машаққати ҳам, зиммасидаги масъулияти ҳам эркакларга нисбатан анча юқори.
Уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, десак, тўғри бўлади.
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Шу боис, янгиланган Конституциямиздаги ижтимоий давлат тамойилига мувофиқ, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишларни тубдан янгича ташкил этмоқдамиз. Бу борада ҳар бир маҳаллада хотин-қизларнинг ҳолати ўрганилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд 1 миллион нафар хотин-қизларимиз “Аёллар дафтари”га киритилди.
Жорий йилда уларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаб, ногиронлиги бўлган 162 минг нафар аёлга санаторий, шифохона ва ўзлари яшаётган маҳаллада тиббий ёрдам кўрсатилади, боқувчисини йўқотган 130 минг нафар хотин-қизга моддий ёрдам берилади, яна 6 минг нафар аёлнинг уй-жой шароитлари яхшиланади, меҳнатга лаёқатли ва иш излаётган опа-сингилларимиз ишга жойлаштирилади.
Шунингдек, ҳар йили оғир вазиятга тушиб қолган 50 минг нафар хотин-қиз мамлакатимиздаги сўлим масканларга ўқиш ва ҳордиқ чиқариш учун юборилади. Уларга психологик ёрдам кўрсатилиб, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.Рафиқов бу ишларга бош-қош бўлади.
Хотин-қизларнинг саломатлиги – ҳар томонлама соғлом ва қудратли жамият пойдеворидир.
Шу мақсадда юртимиздаги 230 та туғруқ муассасаси 21 мингта энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизда саратон касаллигини эрта аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилади.
Аёллар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт оммалашиб бораётгани жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга катта туртки бермоқда. Шу боис, бу йил барча маҳаллалардаги 4 миллион хотин-қиз оммавий спорт мусобақаларига жалб қилинади.
Биз бир муҳим ҳақиқатни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз зарур. Аёллар соғлом бўлса – оила мустаҳкам бўлади, уларда маънавий муҳит, ишчанлик кайфияти юксалади, келажакка ишонч ортади.
Бугунги кунда юртимизда 40 мингта ана шундай оила барчага намуна бўлаётгани, ўтган йили уларнинг 208 таси “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлангани барчамизни хурсанд қилади.
Биргина мисол. Тошлоқ туманидаги Қўзибоевлар оиласи 45 йил давомида барчага ўрнак бўлиб келмоқда. Оила бекаси Муқаддамхон опа умрининг 35 йилини ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлаган. У киши турмуш ўртоғи билан биргаликда фермер хўжалиги ҳам ташкил этиб, тумандаги элликка яқин оилани даромадли қилган.
Яна бир жиҳатига эътибор беринглар. Бу оила 30 дан ортиқ эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларига ғамхўрлик кўрсатиб, таълим олиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашмоқда.
Маҳаллаларда баркамол авлодни вояга етказиш ва камбағалликка қарши курашишда бизга мана шундай ибратли оилалар елкадош бўлиб келаётгани ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.
Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистон тимсоли бўлган ана шундай ибратли оилаларга чин дилдан самимий ташаккурларимни билдираман.
Бундай оилалар қанча кўпайса, Ватанимиз шунча кучли, халқимиз шунча қудратли бўлади! Ибратли оила – ибратли ва адолатли жамият учун асос бўлади.
Азиз опа-сингиллар!
Барчангизга яхши маълум, кейинги йилларда хотин-қизларнинг сифатли таълим олишига алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Мен бир фикрни такрор ва такрор айтишдан сира ҳам чарчамайман.
Битта қизни ўқитсак, бутун оилага таълим берган бўламиз. Агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади.
Юртимиздаги 203 та олийгоҳ талабаларининг 52 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этаётгани мана шу эзгу ғоянинг амалий натижаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизларга 100 миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилди.
Ҳозирги вақтда 6 минг 200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёлларимиз яратаётгани ҳам, жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Уларнинг орасида халқаро даражада эътироф этилаётган илм-фан вакилларининг борлиги барчамизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, ёшларимизни янги-янги ютуқларга ундайди.
Масалан, таниқли микробиолог олимамиз Дилфуза Эгамбердиева шўрланган тупроқда серҳосил экинлар етиштириш бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари учун ЮНЕСКОнинг нуфузли Карлос Финлей халқаро мукофотига сазовор бўлди.
Аёллари ўқимишли ва касб-ҳунарли бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Аёллари маърифатли бўлган халқ албатта бахтли бўлади.
Шу боис, ҳар бир оиладаги қизларимиз боғча, мактаб билан тўлиқ қамраб олиниши, замонавий касб-ҳунар ва чет тилларини эгаллаши, олий маълумотга эга бўлиши учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратамиз. Хусусан, бу йил 250 минг нафар қизимиз олий таълимга қамраб олинади. Бу 2017 йилга нисбатан 3,5 карра кўп. Натижада ҳар бир маҳалладан 25-30 нафар хотин-қиз олийгоҳларда таълим олиш имконига эга бўлади.
Бунинг учун Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамова, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умарова ҳар бир мактабда юқори синфда таълим олаётган қизларимиз билан ишлашни индивидуал ёндашув асосида ташкил этиб, уларни олийгоҳларга тайёрлайди.
Бу йил шароити оғир оилалардаги иқтидорли ёшларни хорижда ўқитиш бўйича “Ёрқин келажак” лойиҳасини бошлаяпмиз. Ушбу лойиҳа доирасида камида 200 нафар қизимиз ҳар йили дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов, Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов тизими эса яна 250 минг нафар хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун масъул бўлади.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Биз халқимизнинг розилигини, аввало, сизларнинг розилигингиз, деб тушунамиз.
Бу борада аёлларимизни безовта қилаётган энг катта масала, бу – ишсизлик. Шу боис, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича катта дастурларни амалга оширяпмиз. Ўтган йилнинг ўзида бу мақсадларга 17 триллион сўм кредит ажратилди. Ана шундай эътибор туфайли аёл тадбиркорларимиз ўтган йили 81 триллион сўмлик маҳсулот яратиб, 450 миллион долларлик экспортни амалга оширгани албатта таҳсинга сазовордир.
Масалан, Навоий шаҳрида қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркор Шаҳноза Каримова 50 нафар эҳтиёжманд хотин-қизни ўқитиб, ишга олган. Шулардан 10 нафарига уй-жой сотиб олиш учун бошланғич тўловни тўлаб берган.
Энг муҳими, бундай саховатпеша тадбиркор аёллар барча ҳудудларимизда кўплаб топилади. Улар “Мен – бунёдкор аёлман” деган лойиҳани илгари суриб, маҳаллаларда минглаб аёлларни касб-ҳунарга ўқитиб, даромадли қилиш ташаббусини билдиргани, тўғриси, мени жуда руҳлантирди.
Мен ўзига катта ижтимоий масъулият олган мана шундай ишбилармон хотин-қизларни “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор аёллари” деб биламан ва уларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман. Уларга қандай қўшимча шароит ва енгилликлар керак бўлса, яратиб беришга тайёрман.
Шу борадаги амалий қадам сифатида Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этсак, нима дейсизлар?
Ушбу кенгаш жойларда аёл тадбиркорларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тўғридан-тўғри парламент олдига масала қўйса, ўйлайманки, айни муддао бўлади.
Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бу ишларга бош-қош бўлади.
Бу йил 2 миллион нафар аёллар бандлигини таъминлаш, шундан 1 миллион 300 минг нафар хотин-қизни тадбиркорликка жалб этиш бўйича катта марралар олганмиз. Бунинг учун тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қулай молиявий пакетлар тақдим этилади.
Мисол учун, “Миллий банк” (А.Мирсоатов) хизматлар соҳасида камида 200 минг нафар хотин-қизнинг лойиҳаларига кўмаклашади. “Туронбанк” АТБ (Ч.Мирзаев) лимончиликда 150 минг нафар аёллар даромад топиши учун арзон кредитлар тақдим этади.
Худди шунингдек, “Микрокредитбанк” АТБ (О.Бўтаев) паррандачиликда – 160 минг нафар, “Саноат қурилиш банк” АТБ (А.Акбаржонов) сабзавот ва кўчатлар етиштиришда – 160 минг, “Халқ банки” (Ш.Отабоев) узум, брокколи ва маҳаллий карам етиштиришда – 150 минг, “Агробанк” (Э.Қаҳҳоров) боғдорчилик йўналишида – 144 минг, “Бизнесни ривожлантириш банки” (С.Аннақличев) кўкат, булғор қалампири, бақлажон ва помидор етиштиришда – 94 минг, “Асакабанк” (Қ.Тўлаганов) фармацевтика ва узумчиликда – 82 минг, “Алоқабанк” (К.Ирисбекова) IT, асаларичилик ва мевали экинлар етиштиришда 58 минг нафар аёлларимизни банд этишга кўмаклашади.
Шу мақсадда бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.
Ўтган йили ташкил этилган “Ҳамроҳ” компанияси янги тизим асосида Тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастурини бошлаган эди. Бу лойиҳага ҳам 100 миллион доллар ажратганмиз.
Кредитини вақтида тўлаган аёл тадбиркорларга ушбу дастур доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит беришни бошлаймиз.
Шунингдек, маҳаллада 5 нафар аёлни бизнесга олиб кирган 1 минг нафар “устоз” тадбиркорларга 50 миллион сўмгача грант ажратилади.
Марказий банк (Т.Ишметов) тижорат банклари билан бирга икки ой муддатда банкларда хотин-қизлар учун янгича ёндашув асосида молиявий хизматларни йўлга қўйиш учун масъул бўлади.
Масалан, туғруқ таътилига чиққан аёллар учун банк кредитлари бўйича тўловлар муддати 10 ойгача узайтирилади.
Энди аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизимни йўлга қўямиз.
Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Бунга Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов, Н.Шотурсунова) масъул бўлади.
Иккинчи босқичда “Халқ банки” (Ш.Отабоев, Г.Рашидова) ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлиши учун кўмаклашади.
Учинчи босқичда ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхонани намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқишга “Ҳамроҳ” компанияси (Д.Нурматова) масъул бўлади.
Тўртинчи босқичда Савдо-саноат палатаси (Д.Ваҳобов) энг фаол 50 нафар аёл тадбиркорни йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошадиган “чемпион тадбиркор”га айлантиради.
Жорий йилда 60 та туманни “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича катта марра олганмиз. Бунга қўшимча равишда ҳокимлар ҳар бир вилоятнинг 2 тадан туманини ишсиз аёллар қолмайдиган ҳудудга айлантириш учун масъул бўлади.
Умуман, 2025 йил аёллар бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи йил бўлади.
Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, ишли қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2 миллион нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.
Бунда Марказий банк (Т.Ишметов) тижорат банклари билан 1 миллион 300 минг нафар, Касаба уюшмалари федерацияси (Қ.Рафиқов) “Аёллар дафтари”га киритилган 636 минг, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (З.Маҳкамова) тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 100 минг нафар хотин-қизни ўқитиб, иш билан таъминлаш ва бизнесини очишга кўмаклашиш учун масъул бўлади.
З.Маҳкамова, Қ.Рафиқов бугун айтилган ҳар бир йўналиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини вилоят, туман, маҳалла даражасида самарали ташкил этишга масъул бўлади.
Т.Норбоева маҳаллий кенгашлар билан бирга бу ишларни тизимли назоратга олиб, масъуллар иштирокида уларни мунтазам муҳокама қилиб боради.
Муҳтарама опа-сингиллар!
Бугунги кунда ҳаётимиз, одамларнинг турмуш тарзи, тафаккури, дунёқараши ва маданияти тобора юксалиб бормоқда.
Олдимизга барча соҳа ва йўналишларда ғоят улуғвор мақсадларни қўймоқдамиз.
Бунга эришиш учун биз таянадиган етук авлодни тарбиялаб, вояга етказиш сиз, азизларнинг – фидойи оналарнинг қўлида.
Шунинг учун сиз, муҳтарама аёлларимизга улкан таҳсинлар айтиб, сизларни қўллаб-қувватлашдан ҳеч қачон чарчамаймиз.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Бугунги байрам муносабати билан меҳнат фаолияти ва жамоат ишларида катта натижаларга эришган, эл-юртимиз ўртасида ҳурмат ва эътибор топган муҳтарама аёлларимиздан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирландилар.
Шунингдек, ўзининг билими, иқтидори ва одоби билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган қизларимиздан 28 нафари турли соҳалардаги ютуқлари учун Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлдилар.
Ватанимизнинг юксак мукофотлари барчангизга муборак бўлсин!
Сизларни ўз номимдан, бутун халқимиз номидан яна бир бор чин юракдан табриклаб, келгуси ишларингизда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинглар!
Қадрли юртдошлар!
Муҳтарама опа-сингиллар!
Бугун биз мард ва олижаноб халқимизга, унинг бунёдкорлик салоҳиятига ишониб, бошлаган улкан ислоҳотларимизни қатъий давом эттиришимиз, янги босқичга кўтаришимиз лозим.
Жонажон Ватанимизнинг янги юксалиш даврини барпо этишда азиз аёлларимиз доимо олдинги сафда бўладилар, деб ишонаман.
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, дунёдаги энг катта бойлик – оилавий бахт-саодат ёр бўлишини тилайман.
Доимо фарзандларингиз ва яқинларингиз, эл-юртимиз ардоғида юриш насиб этсин!