Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, муҳтарама оналар, азиз опа-сингилларни самимий қутлади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, қадр-қимматини улуғлаш давлатимиз сиёсатида етакчи ўринда эканини таъкидлади.
Хусусан, 2017 йилда бошқарув соҳасида ходимларнинг ўртача 20 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Бу жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этмоқда. Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизлари давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда.
Ўтган йили Олимпия ва Паралимпия ўйинларида аёл спортчиларимиз 3 нафари олтин, 8 нафари кумуш, 3 нафари бронза медалини қўлга киритди. Маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда 25 нафар, мамлакат миқёсидаги кўрик-танловларда эса 71 нафар истеъдодли қиз ғолиб бўлди.
Президентимиз аёлларнинг оғирини енгил қилиш, уларга қўшимча шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
– Уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, десак, тўғри бўлади. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, янгиланган Конституциямиздаги ижтимоий давлат тамойилига мувофиқ, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳам янгича ташкил этилмоқда. Жорий йилда ногиронлиги бўлган 162 минг нафар аёлга санаторий, шифохона ва ўзлари яшаётган маҳаллада тиббий ёрдам кўрсатилади, боқувчисини йўқотган 130 минг нафар хотин-қизга моддий ёрдам берилади, яна 6 мингининг уй-жой шароитлари яхшиланади, меҳнатга лаёқатли аёллар ишга жойлаштирилади.
Шунингдек, ҳар йили оғир вазиятга тушиб қолган 50 минг нафар хотин-қиз мамлакатимиздаги сўлим масканларга ўқиш ва ҳордиқ чиқариш учун юборилади.
Хотин-қизларнинг саломатлиги – ҳар томонлама соғлом ва қудратли жамият пойдеворидир. Шу мақсадда 230 та туғруқ муассасаси 21 мингта энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизда саратон касаллигини эрта аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилади.
Қиз боланинг ўқиши бутун оилага наф келтириши яна бир бор таъкидланди. Агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади.
Талабаларнинг 52 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этаётгани мана шу эзгу ғоянинг амалий натижаси дейиш мумкин. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизларга 100 миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилди.
Ҳозирги вақтда 6 минг 200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёллар яратаётгани ҳам, жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Ҳар бир оиладаги қизлар боғча, мактаб билан тўлиқ қамраб олиниши, замонавий касб-ҳунар ва чет тилларини эгаллаши, олий маълумотга эга бўлиши учун бундан буён ҳам барча шароитлар яратилади. Хусусан, бу йил 250 минг нафар қиз олий таълимга қамраб олинади. Бу 2017 йилга нисбатан 3,5 карра кўп. Яна 250 минг нафар аёл касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади. “Ёрқин келажак” лойиҳаси доирасида камида 200 нафар қиз ҳар йили дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилади.
Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида тўхталди.
Шу борадаги амалий қадам сифатида Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу кенгаш жойларда аёл тадбиркорларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тўғридан-тўғри парламент олдига масала қўйиш ваколатига эга бўлади.
Бу йил маҳаллаларда аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун қўшимча 3,3 триллион сўм ажратилади. Хусусан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида яна 100 миллион доллар берилади. Бунга қўшимча равишда тижорат банклари ҳам 100 миллион доллар жалб қилиб, маҳаллаларда ўзини ўзи банд қилган хотин-қизларга 50 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратади.
Қайд этилганидек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича 4 босқичли янги тизим йўлга қўйилади.
Биринчи босқичда бизнесга қизиққан, лекин кўникмаси бўлмаган 20 минг нафар хотин-қиз тадбиркорликка ўқитилади. Иккинчи босқичда ўзини ўзи банд қилган 100 минг нафар аёлнинг кичик тадбиркор бўлишига кўмаклашилади. Учинчи босқичда “Ҳамроҳ” компанияси ҳар бир туманда 2 тадан кичик корхона намунали ўрта бизнес даражасига олиб чиқишга масъул бўлади. Тўртинчи босқичда энг фаол 50 нафар аёл тадбиркор йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошадиган “чемпион тадбиркор”га айлантирилади.
Умуман, бу йил касб-ҳунарга ўқитиш, ишли қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 2 миллион нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.
– Олдимизга барча соҳа ва йўналишларда ғоят улуғвор мақсадларни қўймоқдамиз. Бунга эришиш учун биз таянадиган етук авлодни тарбиялаб, вояга етказиш сиз, азизларнинг – фидойи оналарнинг қўлида, – деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 мартдаги қарорига биноан 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан, 4 мартдаги фармонга мувофиқ, меҳнат фаолияти ва жамоат ишларида катта натижаларга эришган бир гуруҳ аёллар орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Маросим сўнгида Шавкат Мирзиёев халқимиз номидан аёлларни яна бир бор табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.
– Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, дунёдаги энг катта бойлик – оилавий бахт-саодат ёр бўлишини тилайман. Доимо фарзандларингиз ва яқинларингиз, эл-юртимиз ардоғида юриш насиб этсин, – деди Президент.
Байрам доирасида «Ўзбекистон» анжуманлар саройида тантанали концерт намойиш этилди.