Ўзбекистон Бош консулхонаси маълумотига кўра, Самарқанд вилоятидан бўлган юртдошимиз ариза билан мурожаат қилиб, ўғли С. Г. бахтсиз ҳодиса оқибатида жиддий жароҳат олиб Владивосток шаҳар 2-сонли клиник шифохонасида ётганини ва дори-дармон учун етарли маблағ қолмаганини билдирган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш учун амалий ёрдам сўраган.
Маълум бўлишича С.Г. 2023 йилда Россиянинг Хабаровск ўлкасига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган. Аммо ўтган йили октябрь ойида Биробиджан шаҳрида эҳтиётсизлиги оқибатида дарахтдан йиқилиб, бўйин умуртқа қисмини синдириб олган. Биробиджан шаҳар марказий шифохонасида унга операция муолажаси ўтказилиб, стационар даволашга олинган.
Бироқ беморнинг отаси Биробиджан шаҳар марказий шифохонасида даволанаётган ўғлининг соғлиғидан кўнгли тўлмай, уни Владивосток шаҳар 2-сонли клиник шифохонасига ўтказади. Бу ерда ҳам шифокорлар беморда қайта операция ўтказиш кераклигини билдирган. Бироқ юртдошларимизда операция учун етарли маблағ йўқлиги учун даволанишни Ўзбекистонда давом эттиришга қарор қилади.
Мамлакатимиз дипломатлари кўмагида жорий йилнинг 5 март куни бемор ҳамюртимизнинг Ўзбекистонга қайтиб кетиши учун "Uzbekistan Airways"нинг Владивосток-Тошкент йўналишидаги самолётига чипта сотиб олиб берилди ва оиласи бағрига кузатиб қўйилди.