Полшада инсон аъзолари савдоси билан шуғуллангани учун судланган Украина фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Reuters агентлиги прокуратурага таяниб хабар берди.
Аёл Полша ва Украина ўртасидаги темир йўл кесишмасида Интерполнинг қизил хабари асосида қўлга олинди, деб хабар берди Перемишл прокуратураси матбуот котиби Марта Петковска.
Қайд этилишича, украиналик аёлни 2020 йилнинг ноябрь ойидан бери Интерпол қидирувида бўлган.
Аниқланишича, у 2017-2019 йилларда қора бозорда сотиш учун одамлар тўқимаси ва органларини ноқонуний равишда олган халқаро уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда айбланган.
"Шунингдек, у Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Украина, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Таиландда молиявий фойда олиш мақсадида 56 нафар жабрланувчидан ноқонуний буйрак олишда ва "содир этилган жиноятларни доимий даромад манбаига айлантиришда" айбдор деб топилган," - дейилади хабарда.
Reuters хабарига кўра, прокуратура уни Қозоғистонга экстрадиция қилиш учун бир ҳафта муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида судга мурожаат қилган.