АсосийЖамият

Фарғона аэропортида самолёт учиш-қўниш йўлагида қолиб кетди

Фарғона аэропорти рейсларни қабул қилишни вақтинча тўхтатди.

'Фарғона аэропортида самолёт учиш-қўниш йўлагида қолиб кетди'ning rasmi

Кеча, 12 май куни Россиянинг фуқаро авиациясига оид "Авиаторшина" янгиликлар ресурси Фарғона халқаро аэропортида Новосибирскдан учиб келган S7 Airlines ("Сибир") авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти учиш-қўниш йўлагида қолиб кетгани ҳақида хабар берди. Шу сабабли аэропорт вақтинча рейсларни қабул қилишни тўхтатди.

Манба маълумотларига кўра, қўнишдан сўнг, йўл давомида самолёт шассисининг чап асосий устунида ташқи ғилдирак тиқилиб қолган ва кейинчалик унинг пневматикаси бузилган. Кейинроқ самолёт кўздан кечирилганда ғилдиракни маҳкамловчи бир нечта болтлар йўқлиги аниқланган.

Ҳодиса оқибатида йўловчилар тўғридан-тўғри учиш-қўниш йўлагига туширилиб, багаж билан бирга терминалга етказилган. Boeing'нинг ўзи эксплуатациядан четлатилди, бир неча соатдан сўнг у перронга тортилди.

Новосибирск транспорт прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, борт техник носозлик мавжудлиги гумон қилиниб, вақтинча фойдаланишдан четлатилган. Рейснинг 160 га яқин йўловчиси захира ҳаво кемасида белгиланган манзилга жўнатилди.

"Ҳозирда прокуратура томонидан парвозлар хавфсизлиги ва йўловчилар ҳуқуқларига риоя этилиши тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда," - дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар