Ўзбекистон мол гўшти нархи бўйича дунёда 127 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади.
Numbeo халқаро сервиси маълумотига кўра, жорий йилнинг 7 март ҳолатида Ўзбекистонда бир килограмм мол гўштининг нархи 8,1 АҚШ долларини ташкил этади. Қўшни мамлакатларда ҳам нархлар шунга яқин. Қозоғистон, Россия, Қирғизистон ва Тожикистонда мол гўшти 7 АҚШ долларидан сал ошиқроқ туради.
Швейцария, Исландия, Жанубий Корея, Норвегия ва Люксембург мол гўшти энг қиммат мамлакатларнинг топ-5 талигидан ўрин олган. Рўйхатда етакчилик қилаётган Швейцарияда бир килограмм гўшт нархи 44,3 АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, Исландияда — 38,7, Жанубий Кореяда — 28, Норвегияда — 26,8, Люксембургда эса — 23,9 АҚШ долларини ташкил этган.
Энг арзон гўшт Кения (4,97), Гана (4,78), Нигерия (4,50), Уганда (12) ва Покистонда (4,04) сотилмоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, 2025 йил февраль ойида жаҳон бозорларида гўшт нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга ошган. Мутахассислар буни айнан мол гўшти нархининг кўтарилиши билан изоҳлаган. Қайд этилишича, бу турдаги гўштга барқарор юқори талаб кузатилган.
Ўзбекистонда гўшт маҳсулотлари бир йил ичида 14,4 фоизга қимматлашди. Ушбу товарнинг истеъмол нархлари индекси жорий йилнинг февраль ойида Статистика агентлиги мутахассислари томонидан қайд этилган. Бироқ гўшт турлари кесимида вазият турлича: суякли мол гўшти 2024 йил февралига нисбатан 18,5 фоизга, қўй гўшти 19,4 фоизга қимматлашган. Парранда гўшти эса 0,8 фоизга арзонлашган.