Тошкент шаҳрида 200 мингдан ортиқ пулли автотураргоҳлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 12 март куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда "Тошкент Инвест" компанияси раисининг рақамли трансформация ва ахборот технологиялари бўйича биринчи ўринбосари Александр Гурко маълум қилди.
Қайд этилишича, биринчи босқичда йўл бўйидаги автотураргоҳлар учун 13−14 минг ўринга мўлжалланган 86 та участкани фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Хусусан, биринчи пуллик автотураргоҳлар синов тариқасида март ойида — эҳтимол, Миробод ва Яккасарой туманларининг айрим кўчаларида ишга туширилади. Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб пуллик автотураргоҳлар оммавий равишда жорий этилиши кутилмоқда.
Гурко Тошкент шаҳар ягона паркинг ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича тендерда ғолиб чиққан Streetpark Systems компанияси ҳозирда мобил илова яратиш устида иш олиб бораётганини таъкидлади. У орқали ҳайдовчилар пойтахтдаги автотураргоҳлар учун тўловларни амалга оширишлари мумкин бўлади.
Унинг сўзларига кўра, пулли автотураргоҳлар тўртта тариф зонасига бўлинган: соатига 5, 8, 10 ва 12 минг сўм. Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилгандан сўнг энг юқори тариф 30 минг сўм этиб белгиланди. Пулли тўхташ жойларини жорий этиш орқали ҳокимлик тирбандликларни камайтириш ва ҳаракат тезлигини оширишни кутмоқда. Масалан, "Саид Барака" кўчасининг бир қисмида 250 та автотураргоҳ ташкил этилмоқда.
Натижада тартибга солинган автотураргоҳ тирбандликни 18 фоизга камайтириши, ўртача ҳаракат тезлигини 14 фоизга ошириши (37 км/соатдан 42 км/соатгача) ва коммунал хизматлар учун қулай шароит яратиши прогноз қилинмоқда. Худди шундай ҳисоб-китоб "Тўйтепа" кўчасининг 65 ўринли қисми учун ҳам ўтказилган: тирбандликлар 20 фоизга камаяди, ўртача ҳаракат тезлиги эса 15 фоизга — соатига 35 километрдан 40 километргача ошади.
Автотураргоҳ учун тўловларни назорат қилиш махсус планшетлар ва автомобиллар билан жойларда текширувчи видеокузатув камералари ёрдамида амалга оширилади. Тўлов қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик фақат 2026 йилдан бошлаб жорий этилиши мумкин.
Бундан ташқари, Александр Гурко Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳларни ташкил этиш учун жойлар ўрганилишини, улар одамлар гавжум нуқталар, жумладан, бозорлар яқинида қурилишини таъкидлади. Шунингдек, автотранспорт йўлларига яқин жойда жойлашган автотураргоҳларни ташкил этиш имконияти ўрганилмоқда. Бу ишларни 3 ойда якунлаб, натижалари бўйича тақдимот қилиш режалаштирилган.