Президент Шавкат Мирзиёев ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти, маҳаллалар ободлиги ва қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалалар бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, 2025 йилда 1 минг 619 километр ичимлик суви, 521 километр оқова сув тармоқларини тортиш, тизимдаги 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
Буларнинг натижасида 715 минг аҳолига илк бор тоза ичимлик суви етиб бориши, 135 минг хонадон оқова тармоғига уланиши, 157 минг истеъмолчига замонавий ҳисоблагич ўрнатилиши кутилмоқда.
"Оқова тармоғи мавжудлиги қурилиш, саноат ва хизматлар ривожи учун муҳим омил. Уни кенгайтириш учун бюджетдан ҳар йили триллионлаб маблағ сарфланмоқда. Лекин фақат шунга қараб қолмасдан, соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди", — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, маҳаллий тадбиркор Осиё тараққиёт банки иштирокида Олмалиқ, Бекобод, Ангрен ва Чирчиқ шаҳрида оқова сув тозалаш иншоотларини қуряпти. Яна бир тадбиркор Андижондаги иккита туманда сув ва оқова хизматларини хусусий бошқарувга олиш ташаббуси билан чиққан.
Шу каби хусусий шериклик лойиҳаларини кўпайтириш, йирик корхоналаримизнинг халқаро тендерларда қатнашиш имконини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш бўйича қарор қабул қилинди. Энди тендерларни тезлаштириб, йил якунигача 850 млн долларлик ишларни бажариш топшириғи берилди.
Йиғилишда кейинги беш йилда иссиқлик тизимларини тиклаш учун 19 трлн сўм йўналтирилиши, бунда марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37 фоиздан 58 фоизга етиши таъкидланди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига кўп қаватли уйлар ҳамда ижтимоий муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқ берилди. Қайд этилганидек, 9 мингта уй-жой ва бинолар ёпиқ иситиш тизимига ўтказилади. Натижада иссиқлик йўқотилиши 2 баробар, газ истеъмоли 20 фоизга камаяди.
Яна бир муҳим вазифа — соҳани рақамлаштириш. Бунинг учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилиниши белгиланган. Беш йилда йирик сув иншооти ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та "ақлли" ҳисоблагич, 2 минг 800 та телеметрия тизими ўрнатиш кўзда тутилган.
Бу электротехника саноати учун катта бозор экани қайд этилиб, ҳисоблагич ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларга хизмат кўрсатишни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.