АсосийДунё

Россия Украина инфратузилмасига зарба беришда давом этмоқда

Зеленский мамлакат осмонида 40 га яқин дрон парвоз қилаётганини ва улардан бири Сумидаги шифохонага тўғридан тўғри зарба берганини маълум қилди.

'Россия Украина инфратузилмасига зарба беришда давом этмоқда'ning rasmi

Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига 30 кун давомида зарба бермаслик бўйича келишувини эълон қилганига қарамай, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат осмонида 40 га яқин дрон парвоз қилаётганини ва улардан бири Сумидаги шифохонага тўғридан тўғри зарба берганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 19 мартга ўтар кечаси ўзининг Telegram-каналида ёзди.

“Ҳозир кўплаб минтақаларда Россияга аслида нима кераклиги аниқ эшитилмоқда. Бизнинг осмонимизда 40 га яқин “Shahed” дрони ҳаракатланмоқда, ҳаво мудофаамиз ишга тушган”, деб ёзди Зеленский.

Ушбу баёнот Кремль томонидан Россия Президенти Владимир Путиннинг АҚШ Президенти Дональд Трамп таклиф этган 30 кунлик сулҳни қўллаб-қувватлаши эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб берилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, зарбалар айнан тинч аҳоли инфратузилмасига йўналтирилган.

“Сумидаги шифохонага “Shahed” дронининг тўғридан тўғри зарбаси, Донецк вилоятидаги шаҳарларга зарбалар, айни дамда зарба берувчи дронларнинг Киев вилояти, Житомир вилояти, Суми, Чернигов, Полтава, Харьков, Кировоград, Днепропетровск ва Черкасск вилоятлари осмонида ҳаракатланаётгани кузатилмоқда”, деб ёзди Украина Президенти.

Президент Владимир Зеленский бунгача журналистлар билан мулоқот чоғида Украина ҳар доим энергетикага ҳар қандай қурол билан зарба бермаслик позициясини қўллаб келганини таъкидлаган.

“Менимча, ҳамма барқарор тинчликка эришиш учун ҳаракат қилиши керак. Агар Президент Трамп зарбаларни энергетика ва денгиз инфратузилмасига йўналтирмаслик бўйича аниқ тафсилотларни тақдим эта олса ва бу илк қадам бўлса – ҳозирча бошқа қадамлар йўқ – унда у бизга бу жараён қандай кечишини тушунтириб берсин. Ишончим комилки, бизнинг томонимиз, АҚШ ва Украина ҳар қандай уруш ҳаракатларини камайтириш бўйича чораларни қўллаб-қувватлайди. Нима бўлишидан қатъи назар, биз бундай қадамларни қўллаб-қувватлаймиз”, деди Зеленский.

Шу билан бирга, Россиянинг 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифидан де-факто воз кечганига ҳам изоҳ берди.

“Мен Президент Трамп Путин нимани истаётганини тушуниб етишини жуда хоҳлардим. Путин Запорожье йўналишида, шарқда, Харьков ва Суми йўналишларида бир нечта ҳужум операцияларини амалга оширишни режалаштиряпти. Нега? Украина устидан максимал босим ўтказиб, шундан кейин куч позициясидан туриб ультиматумлар қўйиш учун”, деди Украина Президенти.

Зеленский, шунингдек, Украинанинг Курск вилояти билан чегарадош ҳудудлардаги ҳарбийларининг борлиги ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Украина армияси у ерда Курск операцияси зарур бўлган муддат давомида қолади.

Президент Украина ва Россия ўртасида бўладиган маҳбус алмашинуви бўйича ҳам фикр билдирди. Унга кўра, бу борадаги маълумотларни илгари Украина Хавфсизлик хизмати ва Украина Мудофаа вазирлигининг разведка бош бошқармаси етказган.

У Путиннинг Украинадаги сафарбарлик ҳақида берган баёноти юзасидан ҳам изоҳ берган. Россия Президенти Украинада сафарбарлик жараёнининг тўхтатилиши ва армиянинг қайта қуролланиши Россиянинг ўт очишни тўхтатиш бўйича талабларидан бири эканини билдирган эди.

“Сафарбарлик, разведка ва қуролланиш ортида аслида Украина армиясини заифлаштириш режаси турибди”, дея қайд этган Зеленский.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Путин уруш бошида қўйган ультиматумларини янги шаклда такрорламоқда.

“У атамани ўзгартиряпти, лекин мазмуни ўзгармаяпти. Иккинчи эски ҳикоя – разведка ва қуролланиш масаласи. У кўряпти, АҚШ бу борада чора кўриши мумкин, шунинг учун айнан шуни кўтаряпти, чунки буни амалга ошириш эҳтимоли бор, деб билади. Буларнинг барчаси Украина армиясини заифлаштиришга қаратилган тактикалар”, дея таъкидлади у.

Президентнинг сўзларига кўра, асосий масала – шартсиз ўт очишни тўхтатиш. Украина армиясининг ҳозирги қуролланиш даражаси ҳақида гапирар экан, у мамлакатда жиддий қурол танқислиги йўқлигини билдирган.

“Дронлари билан боғлиқ баъзи муаммолар бор, бошқа масалалар ҳам мавжуд, лекин артиллерия ёки баъзи миналар, тизимлар бўйича ҳозирча бу муаммоларни бартараф этмоқдамиз. Тўғрисини айтсам, бу борадаги ишларни фаоллаштиряпмиз”, деди Зеленский.


Унинг фикрича, тинчликка эришиш Дональд Трамп учун ҳам муҳим. Шу билан бирга, Зеленскийнинг таъкидлашича, Америка тинчликни Путиннинг кўзлаган мақсадларидан фарқли равишда кўради.

“Путин иложи борича олдинга юришни, Украинага максимал даражада кириб боришни хоҳлайди. У ўзининг корейс ҳамкорлари ва Эрон билан бирга Суми ва Харьков вилоятларига кириб боришни истайди. Нега? Шунда бир нуқтада ўт очишни тўхтатиш шартлари билан Украинага ультиматум қўйиш учун. Шунинг учун бу ерда Америка кучи, қатъиятлилик ва ўз позициясини сақлаб қолиш жуда муҳим”, дея хулоса қилган Зеленский.

    Бошқа янгиликлар