НАТО бош котиби Марк Рютте: Украинадаги уруш тугаса ҳам Россия билан муносабатлар нормаллашмайди.
НАТО бош котиби Марк Рютте Украинадаги уруш якунланганидан сўнг ҳам альянс Россия билан муносабатларни нормаллаштиришни режалаштирмаётганини маълум қилди.
Варшавада журналистлар билан суҳбатда Рютте “Бу содир бўлмайди. Бу ўнлаб йилларга чўзилади, чунки ишонч бутунлай йўқолган. Хавф ҳали ҳам сақланиб қолмоқда… Уруш якунланган тақдирда ҳам, Россия таҳдиди давом этади.”, дея баёнот берган.
Рюттенинг фикрига кўра, НАТО ва Россия ўртасида ўзаро ишонч йўқлиги дипломатик алоқаларни тиклашга тўсқинлик қилувчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Рютте Москвадан келаётган таҳдид Украинадаги урушнинг фаол фазаси тугаганидан кейин ҳам давом этишини таъкидлади.
Польшага ташрифи чоғида Рютте Россиянинг НАТО ҳудудига эҳтимолий ҳужуми хавфи ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳолат альянс томонидан қатъий жавоб чораларини келтириб чиқаради:
"Агар кимдир нотўғри ҳисоб-китоб қилиб, Польшага ёки бошқа бирор иттифоқчи давлатга ҳужум уюштириш мумкин деб ўйласа, у НАТОнинг бутун қудратига рўпара бўлади. Жавобимиз ҳалокатли бўлади", — деди у.
Рютте, шунингдек, Россияни НАТО учун энг муҳим ва жиддий таҳдид деб атади. Унинг сўзларига кўра, Москва ҳарбий иқтисодиётга ўтмоқда ва ўз ҳарбий қудратини оширмоқда.
Аввалроқ, Марк Рютте Россия уч ойда НАТО бир йилда ишлаб чиқарадиган миқдордан кўпроқ ўқ-дори тайёрлаётганини таъкидлаб, бу ҳолатни "барқарор эмас" деб баҳолаган ва альянсни мудофаа саноати ҳажмини оширишга чақирган эди.
Абдуллоҳ Саййид