Жорий йилнинг 2 апрель куни соат 17:10 ларда Наманган вилояти Давлатобод тумани Ислом Каримов кўчасида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган Янги Наманган туманида жойлашган 2-сонли мактаб ўқувчиси Nexia-3 русумли автомобилни бошқариб бориб, рул бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши тарафига чиқиб кетган.
Натижада, ўз йўналишида ҳаракатланиб кетаётган юк машинаси билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида, Nexia-3 ҳайдовчиси ва олд ўриндиғда ўтирган йўловчи синфдоши оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Аниқланишича, мактаб ўқувчиларига машинани ижарага берган фуқаронинг ўзи ҳам автомобилни ижарага олган бўлган. Унинг ўзи ўқувчилардан ижара учун 150 минг сўм олган, ўртада воситачи бўлган 11-синф ўқувчиси эса 70 минг сўм олган.
Автомобилни ижарага берган йигитнинг отаси ва юк машинаси ҳайдовчиси жамоатчиликка мурожаат қилиб, ёш болаларнинг рулга ўтиришига рухсат бермасликни сўраган.