АсосийДунё

Қозоғистонда гўшт нархи кескин ошиб кетди

Расмийлар буни Тожикистон ва Ўзбекистондан талаб ошгани билан изоҳламоқда.

'Қозоғистонда гўшт нархи кескин ошиб кетди'ning rasmi

Қозоғистонда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Расмийлар буни Тожикистон ва Ўзбекистондан талаб ошгани билан изоҳламоқда. Бу ҳақда Ulysmedia хабар берди.

2025 йил март ойи якунларига кўра, гўшт маҳсулотлари нархи 2,2 фоизга қимматлашган. Бу сўнгги уч йилдаги энг катта ойлик ўсишдир. Шунга ўхшаш кўрсаткич фақат 2022 йил апрель ойида қайд этилган.

Остона шаҳри аҳолиси мол гўшти учун 2800 тенге (67 минг сўм) тўлаган бўлса, ҳозирда нархлар 3100-3300 тенгегача (тахминан 77 ва 82 минг сўмга) етмоқда. Бу кўрсаткич Ўзбекистондаги гўшт нархларига нисбатан анча паст.

Таҳлилчиларга кўра, гўшт нархининг ойига 1 фоиздан ошиши жуда кам учрайдиган ҳолат. Таққослаш учун: 2023 йилда гўшт йил давомида 7 фоизга, 2024 йилда эса 3,4 фоизга қимматлашган. Жорий йилда нархлар аллақачон 5,6 фоизга кўтарилган.

Кескин ўсиш кетма-кет учинчи ой давом этмоқда. Январь ойида гўшт 1,1 фоизга, февралда 2,1 фоизга, март ойида эса яна 2,2 фоизга қимматлашган. Айниқса, мол ва қўй гўштининг нархи кескин ошган. Мол гўшти бир ойда 3,5 фоизга қимматлашган — бу 2017 йил февралидан бери иккинчи йирик кўрсаткичдир. Қўй гўшти эса 3,4 фоизга ошиб, максимал кўрсаткичга етган.

Расмийлар анъанавий равишда нархларнинг ошишини қўшни давлатлар — хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан талабнинг ошиши билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, вазирликлар вакиллари ички бозорда гўшт маҳсулотлари тақчиллиги йўқлигини, вазият вақт ўтиши билан барқарорлашишини айтган.

    Бошқа янгиликлар