АсосийСиёсат

Шавкат Мирзиёев Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Жаҳон банки гуруҳининг операциялар бўйича бошқарувчи директори билан йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

'Шавкат Мирзиёев Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни Жаҳон банки гуруҳининг операциялар бўйича бошқарувчи директори Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан кенг кўламли стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантириш, энг аввало, ушбу глобал молиявий институт томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Анна Бьерде давлатимиз раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Кейинги йилларда шериклик муносабатлари юксак даражага чиқиб, салмоқли натижалар бераётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон банкнинг энг йирик ҳамкорларидан биридир. Лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан ошди. Жаҳон банки иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда молиявий, консультатив ва техник кўмак кўрсатмоқда.

Банк кўмагида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар механизми такомиллаштирилди, уларни тайёрлашни тезлаштириш ва сифатини ошириш бўйича янги тартиб қабул қилинди.

Камбағалликка қарши курашиш, энг аввало, туризм соҳасида хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, хусусий секторни ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш каби йўналишлар келгуси амалий шерикликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Углерод чиқиндиларини қисқартириш, урбанизация ва инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишига кўмаклашиш борасидаги ҳамкорлик режаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

    Бошқа янгиликлар