Ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик учун тўланадиган компенсация миқдори оширилди. Бу кеча, 9 апрель куни қабул қилинган “Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳукумат қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўлаб бериладиган ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилди. Бунда пул компенсацияси миқдорларига қуйидагича ўзгартириш киритилди:
- Тошкент шаҳрида — БҲМнинг 4,8 бараваригача (1,8 млн сўм);
- Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида — БҲМнинг 3,6 бараваригача (1,3 млн сўм);
- республиканинг бошқа шаҳарлари, туманлар марказлари ва аҳоли пунктларида — БҲМнинг 2 бараваригача (750 минг сўм).
Шунингдек, 2025 йил 1 июндан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календарь ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жойнинг ҳисобланган қиймати 35 фоизи миқдорида белгиланди. Олдин мазкур миқдор барча учун 25 фоизни ташкил этган.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва ногиронлиги бўлган ҳарбий хизматчиларни биринчи навбатда тураржой билан таъминлаш, агар улар узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида тураржой билан таъминланган бўлса, қайтарилмаган кредит миқдори ва кредит бўйича ҳисобланган фоизлар Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.