АсосийЖамият

Пиёз нархи нега қимматлашди?

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.

'Пиёз нархи нега қимматлашди?'ning rasmi

Март ойининг охирларидан бошлаб Сурхондарё вилояти фермерлари эртапишар кузги пиёз ҳосилини йиғишни бошлади. Полиз экини вилоятнинг ўзи ва қўшни ҳудудлар бозорларида ҳам пайдо бўлди. Бироқ, ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, бу мавсумда пиёз нархи рекорд даражага қимматлашди. Бу ҳақда EastFruit хабар берди.

Янги ҳосилдан олинган пиёзнинг дастлабки партиясини фермерлар ўртача 5000 сўмдан ёки 39 центга тенг нархда сотишган. Ўз навбатида, бозорларда чакана нархлар 7000−8000 сўм ёки 54−62 центгача ошган.

Ўзбекистон пиёз бозоридаги вазиятни VESAGRO консалтинг компанияси раҳбари Ўрмонали Усмонов шундай изоҳлади:

"2025 йил март ойининг иккинчи ярмида Сурхондарё вилоятининг бир қатор туманларида (Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шеробод) фермерлар эртапишар пиёз ҳосилини йиғишни бошлади. Бироқ, пиёзнинг етилиш даражаси ҳали уни узоқ масофаларга ташишга имкон бермаяпти. Халқ тилида айтганда, пиёз ҳали „кийинмаган“. Шу сабабли ҳозирда маҳсулот асосан Сурхондарё вилояти ва унга қўшни ҳудудларда сотиляпти. Шундай бўлса-да, бу мавсумда фермерлар нархлардан жуда мамнун. Ўтган йили айни шу пайтда янги ҳосилдан олинган пиёзнинг килоси далаларда тахминан 500 сўмдан (4 цент) юклаб жўнатилган бўлса, бу йил бошланғич нархлар 10 баравар юқори", деган Усмонов.

Мутахассиснинг фикрича, нархлар юқори бўлишининг асосий сабаби экин майдонларининг сезиларли даражада қисқаргани билан боғлиқ.

"Март ойининг учинчи ўн кунлигида ўтган йилнинг август-сентябр ойларида экилган кузги пиёзни йиғиб олиш бошланди. Тахминий ҳисоб-китобларимга кўра, бутун Ўзбекистон бўйича ушбу кузги пиёзнинг умумий майдони 30−40 фоизга қисқарган. Менимча, бундай вазият қўшни давлатларда ҳам кузатилган. Ҳосилдорлик ва пишиш муддатларига келсак, 2024 йилнинг кеч кузи ва қишида аномал совуқлар бўлмади, об-ҳаво қулай эди. Ҳосилдорлик ўтган йилги даражада қолди, пишиш муддати эса ўзгармади. Бироқ, ҳозирда пиёз ҳали "кийинмаган" ва керакли етукликка эришиш учун вақт талаб этилади. Ўйлайманки, тармоқ сифатидаги ва экспортга яроқли ҳажмдаги маҳсулотлар 2025 йилнинг 15−20 апрел кунлари ички бозорда пайдо бўлади", дея қўшимча қилган у. 

Шунингдек, янги пиёз нархлари ўтган йилги ҳосилнинг захираларига, аниқроғи, уларнинг тугаш тезлиги ва ташқи бозорлардаги талабга боғлиқ бўлиши таъкидланган.

"Пиёз нархи арзонлаши кутиляпти"

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги янги пиёз нархи ошиши ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, нархларнинг ошишига 2024 йилнинг май-июн ойларида пиёз нархининг бир килограмми 500−1000 сўмгача тушиб кетгани сабаб бўлган. Натижада 2025 йилда қатор ҳудудларда пиёз экин майдонлари қисқартирилган. Хусусан, Жиззахда 5 минг гектар, Навоийда 6,7 минг гектар, Наманганда 8,4 минг гектар, Самарқандда 14 минг гектар, Сурхондарёда 2,6 минг гектар, Сирдарёда 2,8 минг гектар, Тошкентда 2,6 минг гектар, Хоразмда 7,6 минг гектар кам пиёз экилган.

"Шунга қарамасдан, республикамизда жорий йил жами 1 412 минг тонна пиёз етиштирилиши кутилмоқда. Бу ўтган 2024 йилга нисбатан 12 минг тоннага кўпдир", дейилади вазирлик изоҳида.

Қайд этилишича, 2024 йил 1 апрелда янги пиёз нархи 5−6 минг сўмни ташкил этган бўлса, 7 апрелда 3−3,5 минг сўмгача тушган. 2025 йил 1 апрелда янги пиёз 7−8 минг сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кун ҳолатига нарх 4−5 минг сўмгача арзонлашган.

Шунингдек, 2024 йилги ҳосилдан 75 минг тонна пиёз омборхоналарда ички бозорга етказиб берилган бўлса, яна 46 минг тоннаси 2−3 минг сўмдан сотиляпти.

Пишиш даврига қараб жорий йилнинг 15 апрелидан пиёз нархи 2-2,5 минг сўмгача арзонлашиши кутилмоқда. Бундан ташқари, апрел ойининг 2-3-декадалари 70 минг тонна, май ойида эса 90 минг тоннадан ортиқ пиёз пишиб етилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар бир мавсумда қишлоқ хўжалиги экинларининг илк етилган палласида нархлар ошиши кузатилишини, бу вақтинча ҳолат бўлиб, тез орада ўзгариш тенденциясига эгалигини эслатиб ўтди.

"Баъзи ҳудудларда деҳқонлар одатдагидан ортиқ маблағ талаб этувчи инновацион агротехник тадбирларни қўллаш орқали ўз маҳсулотини одатдагидан 10−15 кун аввал етиштириб бозорга чиқариши ҳеч кимга сир эмас", - дейилади хабарда.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Туркияга бораётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди'ning rasmi

    Жамият Бугун 20:46

    Туркияга бораётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

    Туркияда бўлиб турган ва Туркияга бораётган ўзбекистонликлар жиддий огоҳлантирилди.

    '"Оҳангароншифер" АЖнинг ишчисига 93 млн сўм ундирилиши белгиланди'ning rasmi

    Жамият Бугун 17:53

    'Наманганда ҳужжатларсиз 360 та "iPhone 16 Pro Max" телефони аниқланди'ning rasmi

    Жамият Бугун 16:51

    Наманганда ҳужжатларсиз 360 та "iPhone 16 Pro Max" телефони аниқланди

    Ҳайдовчи телефонларни машинанинг салони ва юкхонасига яширган.

    'Одамларни "Ҳаж"га юбораман деб 37,2 минг доллар пулини олганлар ушланди'ning rasmi

    Жамият Бугун 13:31

    Одамларни "Ҳаж"га юбораман деб 37,2 минг доллар пулини олганлар ушланди

    Тошкентда лицензияга эга бўлмаган МЧЖлар одамларни алдаб, пулларини қўлга киритган.

    '"Қамчиқ"да машина ёниб кетди'ning rasmi

    Жамият Бугун 11:22

    "Қамчиқ"да машина ёниб кетди

    Ёнғинга машина юкхонасидаги электроскутернинг қувватлагичида юзага келган туташув сабаб бўлган.

    'Ҳашар — элга ярашар!'ning rasmi

    Жамият Бугун 10:18

    Ҳашар — элга ярашар!

    12-13 апрель кунлари пойтахтда ҳашар ўтказилади.