Наманган вилояти Учқўрғон туманида 23 март куни вояга етмаган ҳайдовчи бошқарувидаги Spark каналга тушиб кетди. Бу ҳақда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Шу туманда яшовчи фуқаро Spark автомашинасини ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган 16 ёшли қизига топширган, ўзи эса олд ўриндиққа ўтирган. Машинанинг орқа қисмида қизнинг онаси ва 10 ёшли синглиси бўлган.
Қиз машинани ички йўлда бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида ўнг томонга бурилаётган вақтда бошқарувни йўқотиб, Андижон каналига тушиб кетган.
Ҳодиса оқибатида қизнинг онаси ва синглиси нафас йўлига сув тиқилиши ташхиси билан вафот этган. Ҳайдовчи ва отаси жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.