Аввалроқ, Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Мансур Газиевдан ҳудудларда ноқонуний ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраб хат йўллаганди. Ушбу хатга Мансур Газиев жавоб қайтарди ва жавоб хати ижтимоий тармоқларга сиздирилди.
Жавоб хатида айтилишича, радарлар ўрнатилиши натижасида оғир оқибатлар камайиб бормоқда.
“Масалан, Давлатобод ҳамда Янги Наманган йўналишида ўтган йили 13 та ўлим ҳолати қайд этилган. Жорий йилда ҳозирча биронта ўлим ҳолати қайд этилмади”, дейилади хатда.
Қолаверса, хатда Наманган шаҳар ҳокимлигига тегишли Captiva машинасида 2024 йилдан ҳозиргача 47 марта ҳуқуқбузарлик содир этилгани айтилган. Ушбу қоидабузарликларда 11 тасининг жаримаси (8 млн сўмдан ортиқ) эса ҳалигача тўланмаган.
Қолаверса, хатда шаҳар ҳокимлигининг яна 4 та транспорт воситалари 41 та қоидабузарлик бўйича 18 миллион 750 минг сўм, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги 6 та автомобилнинг 46 та қоидабузарлиги бўйича 16 миллион 307 минг сўм миқдорида муддати ўтган тўланмаган жарималари борлиги маълум қилинган. Умумий ҳисобда ҳокимликларнинг тўланмаган 87 та жарималари мавжуд бўлган.
Шуларни инобатга олган ҳолда, вилоят ЙҲХБ бошлиғи шаҳар ҳокимидан “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунининг 8-моддаси (маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати соҳасидаги ваколатлари) доирасида тегишли чора-тадбирлар кўришни ва жарималарни тўлаб қўйишни сўраган.
“Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфида бўлган транспорт воситалари томонидан содир этилаётган сурункали қоидабузарликларни танқидий муҳокама қилишингиз ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлаш учун муддати ўтган жарималарни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз”, дейилади жавоб хатида.