Марказий банк бошқаруви бугун, 24 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14,0 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги ойларда шаклланган умумий ва базавий инфляция кўрсаткичлари инфляцион жараёнлар ва вазиятнинг муаллақ ҳолатда қолаётганини кўрсатмоқда. Ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар ҳамда ташқи ноаниқликларнинг кучайиб бориши билан боғлиқ хатарлар пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий, жорий даражасида сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
“Ушбу қарор инфляция кўрсаткичлари ва кутилмаларини барқарор пасайиш трендига қайтаришга ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароит яратишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, йил бошидан умумий инфляция даражаси ўсувчи трендга ўтиб, март ойида йиллик 10,3 фоизни ташкил этган. Айни пайтда, базавий инфляция ҳам тезлашишда давом этиб, йиллик 8,1 фоизга етган. Бу, ўз навбатида, нархларга таклиф омиллари билан бир қаторда талаб омиллари ҳам оширувчи таъсир кўрсатаётганини акс эттирмоқда.
Билдирилишича, ёқилғи ва энергия таъминоти яхшиланиши ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари март ойида пасайган бўлса-да, жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада қолмоқда.
“2024 йилдаги энергия нархлари эркинлаштирилишининг бирламчи таъсири II чорак якунида тугаб, умумий инфляция учун пасайтирувчи таъсирга эга бўлади. Бундан ташқари, халқаро савдо шароитларининг ёмонлашиши глобал истеъмол нархлари билан бир қаторда ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши ва ташқи инфляцион босимларнинг кучайиши хавфини оширмоқда”, дейилади хабарда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига қадар умумий инфляция кўрсаткичи 7-8 фоизлик прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин даражада шаклланиши кутилмоқда. Биринчи чоракда ялпи истеъмол ва инвестицион фаолликнинг ошиши ҳисобига иқтисодий ўсиш 6,8 фоизгача тезлашган. Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши ҳамда кредитлаш суръатларининг тезлашиши ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватламоқда.
“2025 йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий инвестициялар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, товар ва хизматлар таклифининг ортишига хизмат қилади.
2025 йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши ҳамда сўм алмашув курсининг савдо ҳамкор давлатлар валюта курсларига нисбатан барқарорлиги фонида реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди доирасида шаклланмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, пул-кредит шароитлари жорий қатъийлик даражасининг сақлаб қолиниши келгусида кредитлаш ҳажми ўсишининг мўътадиллашуви ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари давом этишини таъминлаб ялпи талабни мувозанатлаштирувчи ва монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтирувчи хусусиятга эга бўлади.
Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, 14,0 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилган.
Марказий банк томонидан ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик мақсадли даражасигача пасайишига эришиш мақсадида пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади.
Май ойида кутилаётган энергия нархлари эркинлаштирилишининг навбатдаги босқичи инфляция ва инфляцион кутилмаларга иккиламчи таъсирларидан келиб чиққан ҳолда пул-кредит шароитлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 12 июнь кунига белгиланган.